Дунёда энг оммалашган кроссоверлар аниқланди

Дунёда энг оммалашган кроссоверлар аниқланди

Энг оммалашган кроссовер номи Honda CR-Vдан Toyota RAV4га ўтди. Аммо уларнинг савдо ҳажми орасидаги фарқ унча катта эмас. Focus2move портали 2017 йилнинг биринчи ярмига оид автомобиллар савдосини таҳлил қилиб юқоридаги хулосага келди.

Ўтган ярим йилликда 381 845 дона RAV4 ва 380 372та CR-V сотилган. “Тойота”да 9,9 фоизлик ўсиш кузатилган бўлса, “Хонда”нинг савдоси бор-йўғи 4,3 фоизга ошган. Ўрин алмашишларининг сабаби шу.

Икки япон кроссоверига Volkswagen Tiguan жадал яқинлашмоқда. Унинг ўсиш динамикаси 45 фоизни ташкил этганини эътиборга олсак, ҳадемай “немис” “япон”ни қувиб етиши ҳеч гап эмас. 340 607 адад билан сотилган Tiguan учинчи ўринда. Серхаридор бешликка Hyundai Tucson (286 185та, -7,9 фоиз) ва Nissan Qashqai (253 838та, +14,7 фоиз) кроссоверлари ҳам кирган.

Рўйхатнинг қолган қаторларида Haval H6 (226 938та, -5,6 фоиз), Qashqai — Nissan Rogueнинг америкача версияси (219 318та, +29,7 фоиз), Kia Sportage (216 150та, -19 фоиз), Nissan X-Trail (203 890та, +0,1 фоиз) ва Mazda CX-5 (195 138та, +11,1 фоиз) кроссоверларини учратиш мумкин.

Дебютант Toyota CH-R кўрсатган натижани ҳам эътиборга олиш лозим. Автоҳаваскорлар 153 675та CH-R харид қилгани ихчам кроссовернинг келажагидан дарак бериб турибди.

Эслатиб ўтамиз: дунёда энг кўп сотилган автомобиль Toyota Corolla саналади. Узоқ йиллар иккинчи ўринни бермай келган Volkswagen Golf ўз ўрнини Ford F-Series пикапига бўшатиб берди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"