Дунёдаги энг хатарли 14та йўл (фото)

Дунёдаги энг хатарли 14та йўл (фото)

Орамизда жуда кўпчилик Қамчиқ довонидан машинада ўтган. Қамчиқ тоннели қурилгунгача довоннинг тепасидаги янада хавфли йўлдан юрганлар ҳам кўп. Қамчиқдан ўтмаганлар эса Китоб довонидан юрган. Бир тарафи тик қоя, бир тарафи тик дара, тикилсанг юрагинг орқага тортади. Турли фаслларда бу йўлларнинг инжиқликларидан ўтиш учун ҳайдовчига асаб ва тажриба керак бўлади. Аммо ер юзида шундай йўллар борки, унинг олдида бизнинг Қамчиқ довонини текис ва равон шоҳкўчадек тасаввур қиласан киши.

Сизни дунёнинг энг хатарли йўллари бўйлаб сайрга таклиф қиламиз.

Гуолян токча-тоннели. Хитой

Тоққа токча бўлган Гуолян тоннели бир километрга чўзилган бўлиб, шу номдаги қишлоққа олиб боради. 70-йилларда қишлоқ фуқаролари ўз кучи билан ушбу тоннел ва унинг “дераза”ларини қурган. Қурилишда фақат қўл асбобларидан фойдаланилган. Тоннел унча кенг эмас, 4 метрга яқин, шу сабабли ҳайдовчилар ҳушёрликни ошириб машина бошқаради.

Темир излардаги бозорча. Таиланд

Бир қарашда Меклонг бозорчаси тайларнинг юзлаб бозорларидан фарқ қилмайди. Бироқ бу “ғойиб бўлувчи” бозордир. Поезд йўли шу бозорчанинг устидан ўтади, шу сабабли гудок янграши биланоқ кўз очиб-юмгунча савдогарлар моли ва раста тимини йиғиштириб олади ва поезд ўтиб кетади. Поезд катта тезликда келиб қолса-чи? Хавотирга ўрин йўқ, бу ердан поезд 15 км/соат тезликда ўтади.

Илонизи паст-баландликлар. Боливия

Юнгас йўли Боливиянинг Ла-Пас ва Коройко шаҳарларини боғлайди. Бу йўл денгиз сатҳидан 3300 метрдан то 360 метргача ўзгаради. Сиртмоқсимон кўплаб эгри чизиқларни ҳосил қилади. Жуда ҳам торлигига қарамасдан бу йўлдан юк машиналаригача ўтади. Тўқнашиб қолса, бир иккинчисига йўл бериш учун орқага жуда узоқ масофагача тисарилиб боради.

Ухлатувчи йўл. Австралия

Бу йўлнинг нимаси хатарли экан деб ўйладингизми? Дарҳақиқат, оддий йўл. Бироқ яшил қитъадаги 1660 кмли йўлда ЙТҲлар жуда кўп юз беради. Негаки, йўл манзараси шунчалик бир хилки, ҳайдовчи зерикканидан ухлаб қолади.

“Шайтонбурун”. Эквадор

Шайтон бурни деб номланмиш 800 метр баландликдаги қоядан айни номдаги темир йўл ўтган. Яқингача туристларга вагоннинг томида юришга рухсат беришарди, ҳозир бу тақиқланган.

Памбан темир йўл кўприги. Ҳиндистон

Памбан кўприги Ҳиндистоннинг материк қисмини шу номли орол билан туташтиради. 1964 йилда кўрфазда кучли шамол кўтарилиши оқибатида қулаб тушган. Шунинг учун шамол кучи 55 км/соатдан ошса, ўтаётган барча поездларга хавфдан огоҳлантирувчи сигнал берилади.

Қорақурум шоссеси. Покистон-Хитой

1300 кмга чўзилган Қорақурум йўли халқаро шосселар орасида энг юқорида жойлашганидир. Йўлнинг бир қисми 4600 метр баландликдан ўтади. Ёзда ёғувчи муссон ёмғирлари кўпинча йўлни ювиб кетади, қишда эса об-ҳаво ёмонлиги ва кўчки хавфи туфайли йўл тамоман ёпилади.

Сув остига кирувчи йўл. Франция

Кўринишдан оддийгина йўл Нуармутье оролини Франциянинг материк қисми билан боғлайди. Аммо сув кўтарилганда йўл 4 метрли сув остига кўмилиб кетади ва суткада икки мартагина ўтиш имкони бўлади.

Лех-Манал шоссеси. Ҳиндистон

Шоссе сўзи кўз олдимизда текин ва кенг йўлни гавдалантиради. Бироқ Лех-Манал шоссеси 4-5 км баландликдаги тоғли ҳудудлардан ўтади. Йўл жуда ҳам тор ва ўнқир-чўнқир, бироқ маҳаллий “шумахер”лар унда тез юришини қўймайди.

99 илон изи. Хитой

11 кмга чўзилган йўлда 99 марта бурилиб Тянмен тоғи чўққисига чиқиб борасиз. Унда Будда ибодатхонаси жойлашган. Айрим жойларда бурилишлар ораси 200 метрга ҳам етмайди, шофёрлар бу йўлда ҳамиша сергак юради.

Уюни шўрхок йўли. Боливия

Қуриб қолган Уюни кўлидан ўтувчи трасса денгиз сатҳидан 3650 метр баландликдан ўтади. Атроф манзараси ғалати, адашиб қолиш ҳеч гап эмас, мобиль телефон эса ишламайди. Бу ерга кўплашиб экскурсияга келиш хавфсизроқ. Якка ҳолда келмаслик лозим, қолаверса, тунда ҳарорат -30 градусгача тушади.

Кафолат берилмайдиган йўл. Янги Зеландия

Кўп сонли жарликлар ва ўпирилишлар, тик даралар, кескин бурилишлар, осма кўприклар ва йўлнинг кескин торайиши – буларнинг бари Скипперс каньонига ўтишда учрайди. Автомобилларни ижарага берувчи маҳаллий фирмалар бу йўлда юрувчиларга, ҳатто, кафолат бермайди.

Омон қолдирмайдиган йўл. АҚШ

 666 кмли шоссенинг атиги 175 кмли қисмига асфальт қопланган, қолгани шағал. Йўлда бор-йўғи 3та аҳоли пунктини учратасиз, 3та ёнилғи тўлдириш шохобчаси ва битта тиббий пункт бор. Кимки бу йўлда юрадиган бўлса, полициячи унда Алясканинг оғир шароитида омон қолиш учун керакли нарсалари бор-йўқлигини текширади.

Булутларга бўйлаган йўл. Аргентина

217 кмли темир йўл 21та тоннел, 42та кўприк ва виадук, 2та спирал ва 2та зигзагдан ўтади. Романтик номини жуда баланд қисмидан юрган хаёлпарастлар қўйган. Баъзида поезд булутни тешиб ўтаётганга ўхшайди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"