Дунёдаги ягона Rolls-Royce пикапи кимошдида сотилади

Дунёдаги ягона Rolls-Royce пикапи кимошдида сотилади

Британиянинг Bonhams кимошди савдо уйи 11 ноябрь куни Rolls-Royce’нинг пикап туридаги кузовга эга автомобилини сотувга қўяди. Бу ҳақда Кун.уз хабар бермоқда.

Аукцион уйи маълумотига кўра, бу нусха Rolls-Royce’нинг жаҳондаги ягона пикапи саналади. Автомобилга таниқли коллекция йиғувчи Линдли Ботуэлл эгалик қилган. Машина 1926 йилги 40/50HP Silver Ghost Tilbury Sedan модели шассисида яратилган. У фирманинг Массачусетс штати Спрингфилдидаги заводида йиғилган ҳамда Санта-Моникада яшовчи Лилиан МакКлергга сотиб юборилган. Ботуэлл автомобилни 1940-йилларда харид қилган ҳамда уни пикапга айлантирган. Кейинчалик машина унинг фермасидан цитрус меваларни ташиш учун ишлатилган.

Автомобиль бироз таъмирталаб, сабаби, Bonhams вакилларининг тушунтиришича, «кабинада кичик ҳайвонлар меҳмон бўлиб кетишган». Лот 50-70 минг долларга баҳоланмоқда.

Линдли Ботуэлл (1901-1986) – америкалик фермер, ХХ аср бошидаги автомобиллар коллекционерларини бирлаштирувчи Америка отсиз экипажлари Клуби (Horseless Carriage Club of America) асосчиларидан бири. АҚШдаги 1900-1920-йилларга тегишли энг катта автомобиллар коллекциясини йиға олган. Ботуэллнинг автомобиллари 11 ноябрь куни Bonhams савдоларига қўйилади. Аукцион Калифорниядаги унинг оиласига тегишли бўлган Ботуэлл ранчосида ўтказилади.

 
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун телеграм каналимизга аъзо бўлинг!

Йўқ Аъзо бўлиш