Дунёнинг энг тангу тор автомобиллари

Дунёнинг энг тангу тор автомобиллари

Халқимизнинг “Тор жойда ош егандан кенг жойда мушт еган яхши”, нақли бор. Албатта, қуйида намойиш этадиган автомобилларимизда сиз ўтириб ош ейишга шайланмаяпсиз. Шароитдан келиб чиқиб, кимдир кенг-мўл автомобилни харид қилади, кимгадир эса торроғи маъқул. Автомобилсозлар ҳам шундай, талабга яраша таклиф кўрсатади.

Biscuter 200-C Comercial

Biscuter 200-C Comercial

Ихчам фургончанинг ичи 1110 мм бўлса-да, икки кишига жой топилади. Эшиклари ёғочдан, ойналари эса йўловчиларнинг нафаси билан иситилади. Biscuter компанияси бу машинани 1957 йилдан 1960 йилгача ишлаб чиқарган.

Biscuter 200-C Comercial

Фургончани бор-йўғи 9 от кучига эга мотор ҳаракатлантиради. Бунақа машинадан 20 мингга яқин ишлаб чиқарилган. Қолган нусхаларидан бири 2013 йилда Sotheby’s кимошди савдосида 19 500 долларга кетган.

Peel Trident

Peel Trident

Машҳур Р50 русумининг яқин қариндоши, ўз даврининг замонавий ва шинам тоғорамобили. Батискафники каби ойнаси бўлиб, у олдинга итариб очилади. 4,2 от кучига эга.

Peel Trident

1964 йилдан 1966 йилгача 82та Trident ишлаб чиқарилган. Уларнинг тезлиги 45 км/соатга етади. Tridentнинг вазни 90 кг. Узунлиги 1810, кенглиги 1070 ммга тенг. Афтидан бу машинани миниб ресторанга бормаслик керак, чунки қорин тўйгач, машинага сиғмай қолиш хавфи мавжуд.

Zagato Volpe E-Rev

Zagato Volpe E-Rev

Бу аллақандай тоғорасимон эмас, росмана автомобиль қиёфасида ишланган. Ҳаттоки, эшиклари “Ламбо” услубида қурилган. Шунга қарамай, биттагина одам сиғади.

Zagato Volpe E-Rev

Унинг уч хил мотори бор: 6,5 от кучига эга мотори электрли, 11 ва 16,3 от кучига эга бўлганлари эса гибридлардир. Моторининг кучига қараб машина 45дан 110 км/соатгача тезлана олади. Volpe E-Rev анчагина ёш машина, 2013 йилда дунёга келган.

Commuter Tango

Commuter Tango

Дрег-рейсингда бу машина бошқа спорткарларга дарс бериб қўйиши мумкин, аммо нархи ҳам шунга яраша – юз минг доллардан ортиқ. Вашингтон штатидаги Commuter Cars компанияси 2014 йилдан бери Tango русумини ишлаб чиқаради. Фирманинг реклама тимсоли Жорж Клуни бўлади. Тушунганингиздек у майда-чуйда лойиҳалар билан ўралашмайдиган шахс, “Танго”нинг келажагига ишонмаганда рекламага розилик билдирмаган бўларди.

Commuter Tango

Бир ўринли Tangoнинг кенглиги 991 мм. Вазни салмоқли – 1510 кг. Микрокар 3,2 сонияда 97 км/соат тезликка эришади. Энг юқори тезлиги соатига 240 км.

Peel P50

Peel P50

Оригинал микрокар 1962 йилда Мэн оролида дунёга келди. Унинг антиқа ўзига хослиги шундаки, орқага юритиш учун машинадан тушиб итариш керак, ўзи юрмайди. Peelнинг узунлиги 134, кенглиги 910, кенглиги 991 мм. Автомобиль Top Gear лойиҳасида иштирокидан кейин ном қозонди, ҳозирга қадар телевидение ва интернет саҳифаларида учраб туради.

Peel P50

Ҳозирги Р50лар 12 минг фунт атрофида баҳоланади. Бугунгача етиб келган ноёб нусхалари эса 2 баробар қиммат.

Brütsch Mopetta

Brütsch Mopetta

Йўқ, бу аттракцион машинаси эмас, Штутгартда 1956-1958 йилларда ишлаб чиқарилган ҳақиқий автомобиль. Уни, ҳаттоки, Opelнинг дилерлик марказлари орқали сотмоқчи бўлишган.

Brütsch Mopetta

Mopettaга ҳозир Honda мотоцикли моторчаларини ўрнатиб чиқаришади. Габарити 1765х910 мм. Ичи қулай деб мақташ қийин, аммо қайиқсимон шаклининг ўзидан ҳузурланасиз.

Lumeneo Smera

Lumeneo Smera

Митти машиналар рўйхатини Smeraсиз давом эттириб бўлмайди. Унинг тарихи жуда қисқа. 2008 йилда Париж автосалонида тақдим этилган. 2013 йилнинг майида эса сота бошланган. Узунлиги 2,5 метр, кенглиги 960 мм.

Lumeneo Smera

SNCF (Француз Миллий Темирйўл компанияси) лойиҳага миллионлаб евро сарфлаганига қарамай, 2013 йилда Lumeneo касодга учраган. Бунгача компания ўнлаб Smera электрокарини сотишга улгурган. Соатига 110 км тезликда юра оладиган митти машина нархи 24 минг евро атрофида турган.

Toyota i-Road

Toyota i-Road

Расмдаги концепт-кар эмас, ялпи ишлаб чиқариладиган уч ғилдиракли автомобиль. Биринчи марта 2013 йилда Женева автосалонида намойиш қилинган. Бир йил ўтгач “Тойота” i-Roadни кичик партияда чиқарган.

Toyota i-Road

Электрокар икки мотори ёрдамида 60 км/соатгача тезликда ҳаракатлана олади. Йўл захираси 50 кмга тенг. Рулини бурганда мотоцикл каби машина қийшаяди. Дарвоқе, мақоламиз тор машиналар ҳақида эканлигини унутибмиз, “ай-роад” кенглиги атиги 870 мм.

Машинангиз тор бўлса-да, кўнглингиз тор бўлмасин.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#Қизиқ

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"