Двигател мойини аралаштириб фойдаланиш қанчалик тўғри?

Двигател мойини аралаштириб фойдаланиш қанчалик тўғри?

Кўпинча, эндигина автомобил бошқараётган ёш ҳаваскорларда табиий савол туғилади. Ҳар хил ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилаётган мойлардан фойдаланиш мумкинми?

Келинг, кўриб чиқамиз.

Ҳар қандай машина мойи ўзига хос сифат берувчи асос ва қўшимчалардан иборат. Мойларнинг номутаносиблигига ойдинлик киритувчи асосий сабаблардан бири ҳар бир ишлаб чиқарувчи жараёнга ўзгача услуб ва технологиялардан фойдаланган ҳолда эътибор қаратади. Ўз навбатида бу ҳар хил мойлардаги физик таркибнинг бир-биридан фақли бўлишига олиб келади. Бу фарқланиш айниқса синтетик мойларда кўзга ташланади.

Мойнинг асосидаги тафовут сабабли ҳар хил ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган синтетик мойларни аралаштириш жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Айниқса мойнинг таркибидаги қўшимчалар бу аралашув янада салбий оқибатларга олиб келишида бош омил бўлади.

10W40 стандарти талаб этадиган ёпишқоқлилик ва ҳарорат кўрсаткичларида бир хил натижага эришиш учун ишлаб чиқарувчилар мойнинг таркиби билан боғлиқ масалаларда бир қанча муаммоларга ечим топишларига тўғри келди. Стандартга максимал даражада мувофиқ бўлиш учун эса таркибга яна бир қанча қўшимчалар қўшиш керак бўлди. Шу сабабли бу турфа фаол таркибга эга қўшимчалар бир-бирига қўшилганда ўзига хос кимёвий жараён содир бўлади.

Двигател мойи ёпишқоқлиги ва иш тартибидаги ҳарорат даражасига қараб ҳар хил тоифаларга бўлинади. Масалан, тоифаси номутаносиб бўлган минерал ва синтетик мойларни аралаштириб фойдаланиш ҳақида нима дея оламиз?

Юзага келиши мумкин бўлган ўнлаб муаммоларнинг бири сифатида айтишимиз мумкинки, минерал мойлар синтетик мойлардан фарқли равишда мунтазам ёпишқоқликка эга эмас ва шу сабабли ҳам унга бир қанча қўшимчалар қўшилади. Бу қўшимчалар эса синтетик мойлар таркиби бузилишига олиб келади. Шунингдек, маълум вақт ўтгач, бир-бирига аралашган қўшимчалар ўзини қандай тутиши маълум эмас.

Шу сабабли ҳам тоифаси мос келмайдиган мойларни аралаштириш мутлақо тавсия этилмайди. Бундай амалиёт двигателнинг ифлосланиши, зарарли чўкмаларнинг хосил бўлиши каби кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу эса двигателни муддатидан аввал капитал таъмирлашга сабаб бўлади.

Лекин, шундай бўлса-да, нега мойлардан аралаштирилган ҳолда фойдаланиш ҳалигача ўз долзарблигини йўқотмаган.

Сабаби, баъзида двигателда камайган мойни тўлдириш учун аввал фойдаланилган мойнинг айнан ўзини излаб топишнинг имкони бўлмайди. Натижада дуч келган мойдан фойдаланилади.

Мой ишлаб чиқариш глобаллашувининг истеъмолчилар учун фойдали томонлари бор. Кўпчилик ишлаб чиқарувчилар мойга қўшиладиган қўшимчаларни бир-бирига ўхшашроқ қилиб тайёрлашга ва бу орқали мойлардан аралаштириб фойдаланиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни олдини олишга ҳаракат қилишади.

Фикримизни ҳозирги кўп йиллик ҳайдовчиларнинг бу масаладаги тажрибаларини мисол қилиб исботлашимиз мумкин.

Айтиш жоизки, ҳар бир ҳайдовчи ўзининг танлови учун ўзи масъул. Арзимаган пул ёки вақтдан қизғаниш қандай муаммоларга олиб келишини билатуриб шундай қарор қилиш, ҳар бир ҳайдовчининг ўзига боғлиқ.

Айнан ўзингиз фойдаланаётган мойни топишнинг умуман имкони бўлмаса ва бошқа ишлаб чиқарувчининг мойидан фойдаланиб, двигателдаги камайган мойнинг ўрнини тўлдиришга тўғри келиб қоладиган бўлса, унда юзага келиши мумкин бўлган муаммони олдини олиш учун айрим тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

  • Мойларнинг тоифалари ҳар хил бўлмаслигига эътибор қаратинг. (синтетик ва минерал)
  • Бир ишлаб чиқарувчининг икки хил тоифадаги мойидан фойдаланиш мумкин, лекин кейинчалик фильтрни ва мойни буткул алмаштириш тавсия этилади.

Баҳром Аббосов тайёрлади

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"