EGO SE — бир вақтда сув юзаси ва остида сузувчи қайиқ

EGO SE — бир вақтда сув юзаси ва остида сузувчи қайиқ

EGO SE ярми сув устида ва ярми сув остида бўлган ажойиб транспортдир. Унинг юқори қисмида қайиқ каби сузиб, денгизни томоша қилиш мумкин бўлса, остки бўлмасига тушиб, сувости дунёсининг ажойиботларидан баҳра оласиз. Уни, одатда, туристик компаниялар ишлатади. Кичикроғини арзон нархда ижарага олиб фойдаланиш мумкин.

Кўриниши жуда содда: усти 2-4 киши жойлашадиган балиқчиларнинг оддий қайиғи ёки катамараннинг ўзи, ости эса батискаф кабинаси каби ясалган. EGO SE номи унчалик мос эмас, чунки сувости қисмига бир эмас, икки одам сиғади. Бошқарув элементлари ҳам сув остидаги қисмига ўрнатилган.

EGO SE 1

Қайиқни Жанубий Кореянинг Raonhaje компанияси ясаган. Тезлиги тинч сувда соатига 9,2 км. Денгизда бўрон кўтарилганда унда сайр қилмаган маъқул.

Бошқарув элементлари ҳали меъёрига етмади. Фақат сув остидаги бўлмадан бошқариш мумкин. Ё юқори қисмида ўзингизни тўлқин ихтиёрига ташлаб сузасиз, ё пастга тушиб қайиқни бошқарасиз. Аммо бошқарув пултида туриб тепадаги камера ёрдамида атрофни кузатиш мумкин. Хуллас, юқоридаги кемага урилиб кетмаслик, сув сатҳида оқаётган нарсаларни четлаб ўтишнинг иложи бор. Бошқариш жуда осон: рул, газ ва тормози бор холос.

EGO SE 4

Қайиқда тўлқин индикатори бор. Агар денгиз тўлғана бошласа, базага қайтишга сигнал беради. Кабина материалининг қаттиқлиги ҳақида қизиқяпсизми? Корейс компанияси қалинлиги 20 ммли шаффоф композит айрим металлардан ҳам мустаҳкамлигини билдирди. Океанариумлардаги каттакон аквариумлар ушбу материалдан ясалади.

EGO SE 3

EGO оғирлик маркази пастда жойлашганлиги ҳисобига сузиш барқарорлигини таъминлайди. Қайиқда масофадан бошқари пульти ҳам бор, унинг ёрдамида қайиқни боғлаб қўйиладиган жойига ҳайдаш мумкин.

Корейс компанияси унга бир қатор опциялар қўшмоқчи, хусусан, EGO LE номли люкс версиясини ясаш ниятида.

 

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"