Экспертлар: яқин йилларда кўплаб янги автомаркалар майдонга чиқади

Экспертлар: яқин йилларда кўплаб янги автомаркалар майдонга чиқади

Сингапурнинг Vanda Electrics компанияси 2020 йилгача Vanda Dendrobium электрли спорткарини сотувга чиқармоқчи. Хабарнинг асосий мавзуи шу ҳақда.

Кўп мутахассислар кириб келаётган “электромобиллар эраси” кўплаб янги автофирмалар вужудга келишига туртки беришини башорат қиляпти. Хитой тажрибаси бу башоратни тасдиқлади. Осмоности давлатида электромобилсозлик фирмалари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек бодраб чиқмоқда. Бошқа мамлакатлар ҳам бу анъанадан четда қолмоқчи эмас. Хусусан, Сингапур яқинда Vanda Dendrobium спорткарини кўрсатади. Dendrobium ҳақида сайтимиз бир неча бор ёзган.

Ушбу электромобиль баҳорда Женева автосалонида концепт-кар кўринишида тақдим этилганди. Vanda Electrics ҳамкор сифатида Британиянинг Williams Advanced Engineering инжиниринг фирмасини таклиф этган.

Электрли спорткар ҳақида маълумот камроқ. Шассиси енгил қотишмадан, кузов панеллари композит материаллардан ишланган. Ҳар бир ўқига биттадан электромотор ўрнатилади. Уларнинг қуввати, ҳозирча, айтилмади. Шунингдек, полга жойланувчи литий-ионли аккумуляторларнинг сиғимдорлигини ҳам билмаймиз. Сингапурликларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра машина 2,7 сонияда юзга чиқади. Энг юқори тезлиги соатига 320 км.

Vanda Dendrobiumнинг адади кўп эмас. Уларнинг барчаси қўлда йиғилади.

Қизиғи шундаки, Vanda Electrics яқингача суперкар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган, электрли скутерлар ишлаб чиқарувчи фирма эди. Бироқ яқинлашаётган “электрлашув эраси” уни маҳсулот сафини кенгайтиришга ундади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"