Электромобиллар бизни қандай келажакка элтади?

Электромобиллар бизни қандай келажакка элтади?

Европа Иттифоқининг расмий вакиллари бир неча кун аввал дизель ёқилғисида ишловчи технологияни эски замон технологияси деб атади ва ундан воз кечиш вақти келганини айтди.

Улар билан деярли бир вақтда Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) 141 қаторли ҳисобот билан чиқиб, экологик тоза транспорт воситаларининг бугунги кундаги вазияти ҳақида баёнот берди.

Баёнотга кўра киши бошига тўғри келадиган электромобиллар сони бўйича Норвегия мутлақ етакчилик қилмоқда. Ўтган йили бу давлатдаги сотилган автомобилларнинг 39% қисми мутлақ электрокар ёки гибрид машиналар ҳиссасига тўғри келди. Бугунги кунда Норвегиядаги жами машиналарнинг 6,4% қисми электр қувватидан фойдаланган ҳолда харакатланади.

Иккинчи ўринни 11,7% нисбат билан Исландия, учинчи ўринда Швеция – 6,3% эгалламоқда.

Шунингдек кучли бешталикда Нидерландия (2,7%) ва Франция (2,6%) ҳам мавжуд.

Экологик тоза машиналарнинг сотувдаги улуши Хитойда аллақачон 2,2% га чиқди. Инобатга олиш керакки, Хитой электрокар савдоси ҳажми бўйича дунёдаги энг катта бозорга эга давлат ҳисобланади. Бу ерда дунёдаги электромобилларнинг 40% қисми сотилади. Шунингдек, электрли мотоцикллар ва скутерларни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Ўтган йил давомида дунё бўйича уларнинг 30 миллион донага яқини сотилган. Ва бу савдо амалиётларининг аксарияти айнан Хитойда содир бўлган.

2017 йилда илк маротаба 1 миллиондан ортиқ электромобиллар ва қувватланувчи гибридлар сотилган. Бу каби автомобиллар миқдори аллақачон 3,1 миллионтадан ортиб кетди. Албатта, бунинг салмоғи, ҳозирча, бензин ва дизель ёқилғисида юрувчи машиналарга нисбатан кам бўлиши мумкин, лекин унинг сони кескин ортиб бораётганлиги алоҳида эътиборга молик ҳолат. Ўтган йилнинг ўзида бу турдаги электромобиллар ўзининг савдодаги улушини 56% га оширишга муваффақ бўлди.

Экспертларнинг тахминларига кўра, 2030 йилга келиб (яъни 12 йилдан сўнг) электромобиллар ва қувватланувчи гибридлар сони 125 миллионтадан ортади. Бу энг қуйи ҳисоб-китоб тахминлари. Кўпи билан эса уларнинг сони 228 миллионта бўлиши ҳам мумкин (Электромобиллар 130 миллионта, қувватланувчи гибридлар 90 миллионта).

Экологик тоза машиналарнинг Европа ва Хитойдаги савдо улуши эса 20-25% дан ҳам ортиши мумкин.

2030 йилга келиб мотоцикллар ва скутерларнинг 39% қисми электрли двигателга эга бўлиши тахмин қилинмоқда.

Электрокарларнинг миқдори ортиши билан бир қаторда махсус инфраструктуранинг сезиларли ривожланиши ҳам кутилмоқда. 2030 йилга келиб қувватлаш учун махсус жойлар жами машиналарининг камида 10% қисми миқдорида бўлиши режалаштирилган. Қиёслаш учун: ҳозирда Норвегияда ҳар 19 электромобилга битта қувватлаш пункти, Швецияда ҳар 12 тага 1 та қувватлаш пунктлари тўғри келмоқда (уйдаги қувватлаш нуқталарини инобатга олмаган ҳолда).

Лекин, масалан Японияда аллақачон ҳар 7 та электромобилга битта қувватлаш пункти мавжуд.

Электромобиллар харидига ортадиган талаб бир қанча қазилмалар нархининг ошишига ҳам таъсир қилиши мумкин. Энг аввало литий ва кобальт моддалари бу таъсирга учрайди. Тахмин қилинишича, кобальт моддасига бўлган талаб 10-25 марта ортиб кетиши мумкин. Инобатга олиш керакки, дунёдаги жами кобальт моддасининг 60% қисми Конго Демократик Республикасида қазиб олинади. Моддани қайта ишлашнинг энг кўп улуши яъни 90% қисми Хитойга тўғри келади. Биргина охирги икки йил давомида кобальтнинг нархи деярли беш баробарга ортди.

Ҳозир электромобилларни жисмоний шахслар томонидан харид қилинаётганлигинг асосий сабаби бу Давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар сабабидан. Сўровномалар натижаларига кўра, Норвегияда харидорларнинг аксарияти электрокарларни солиқ имтиёзлари борлиги сабабидан харид қилишган. Агар давлат ушбу имтиёзларни бекор қиладиган бўлса, электромобилга бўлган талаб кескин тушиб кетиши табиий.

Электромобиль савдосининг ортишига таъсир қиладиган яна бир омил бу айнан давлатнинг ўзи харидор сифатида бозор иштирокчиси бўлаётганлигида. Масалан, Канада 2030 йилга қадар давлат хизмат машиналарининг 75% қисмини тўла электромобилларга алмаштиришни режалаштирган.

Учинчидан эса давлат томонидан йўловчи транспорт воситаларини фақат электр орқали ҳаракатланадиган кўринишга ўтишга мажбурламоқда. Масалан, Хитойнинг Шенчжэн шаҳрида барча автобуслар электр воситасида ҳаракатланади. Тез кунларда такси учун мўлжалларган енгил автомобилларга ҳам шундай талаб қўйиш режалаштирилган. Ҳозирча, бу дунёдаги йуловчи ташишга мўлжалланган машиналарга махсус талаб қўяётган ягона катта шаҳар.

Литий-ионли аккумуляторларнинг хизмат муддати тахминан 175 минг километр дея баҳоланмоқда. Ҳозирги вақтда бундай батареяларнинг ўртача нархи ҳар бир киловатт учун 274 АҚШ доллари бўлиб қолмоқда. Лекин ҳар бир аккумуляторнинг қуввати ва иш унумдорлигини ошириш орқали уларнинг нархини ҳар бир киловатт учун 155 АҚШ долларигача арзонлаштириш мумкин. Экспертлар 2030 йилга келиб, бу батареяларнинг янги авлодлари кашф этилиши ва ушбу янги аккумуляторлар унумдорроқ ва сезиларли даражада арзонроқ бўлишига умид қилиб қолмоқдалар.

Мотоцикл ва скутерлар учун мўлжалланган батареяларнинг нархи эса кейинги ўн йиллик давомида 50-60% гача арзонлашиши кутилмоқда.

Баҳром Аббосов

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"