Электромобиллар йўл-йўлакай зарядланиши керак, аммо қандай қилиб?

Электромобиллар йўл-йўлакай зарядланиши керак, аммо қандай қилиб?

Дунё автосаноатининг умумий баҳоси 2 трл доллар туради, аммо бугун электромобиллар ва гибридлар унинг 1 фоиздан камроғини ташкил этади. Шунга қарамай, экспертлар электромобиллар сони бирданига ошишини каромат қиляпти. UBS компаниясининг башоратига ишонадиган бўлсак, 2018 йилда электромобилларга талаб кескин ортади, нархи эса пасайиб, ички ёнув двигателлар билан баробарлашади. Шунингдек, машинадан фойдаланиш харажатлари ҳам камаяди.

Хитойда 2015 йилдан 2016 йилгача электромобиллар савдоси 53 фоизга ошгани кузатилди. Ҳиндистон эса 2030 йилдан фақат электромобилга ўтмоқчи.

Нархи оддий автомобилникига тенглашса ҳам, ҳавони ифлослантирмаса ҳам, электромобиль барибир, электромобил-да, яъни батареяда ишлайди. Батареясини тўйдирмасангиз, юрмайди.

Tesla Model 3 тўла қуввати билан 350 км йўл босади, янги Chevy Bolt эса 400 км. Тўғри, бу уч йил олдинги Voltникига (50 км) қараганда анча яхши кўрсаткич. Бироқ қуввати соб бўлган аккумуляторни зарядлашга соатлаб вақт кетади.

Стенфорд университети олимлари зарядлаш даҳмазасини ҳал этиш йўлида астойдил изланмоқда. Ўтган ҳафтада Nature нашрида чоп этилган мақолада ҳаракатланаётган объектга яқин масофадан симсиз тарзда электр узатишнинг янги йўли тавсифланади.

Энергияни симсиз узатишда магнит-резонанс алоқадан фойдаланилади. Узатгич ғалтагидаги ўзгарувчан магнит майдони приёмник ғалтагидаги электронларни тўлқинланишга ундайди, агар иккала ғалтак ҳам бир частотага созланган бўлса ва муайян бурчак остида жойлашса, ток жуда яхши узатилади.

Агар объект ҳаракатланаётган бўлса бу электр узатишни қийинлаштиради. Узлуксиз равишда қўлда созламаслик учун Стенфорд олимлари узатгичдаги радиочастота манбасидан воз кечди ҳамда уни кучланиш кучайтиргичи ва қарама-қарши алоқа резистори билан алмаштирди.

Тизим турли масофаларда тегишли частотага ўзини мослаш хусусиятига эга. Бу тизимдан фойдаланиб олимлар диодли чироқчага бир метр масофадан милливаттли электр зарядини симсиз узатишга муваффақ бўлди. Қўлда созлашга ҳожат қолмади, шунингдек, узатиш самарадорлиги ҳам барқарорлигича қолди.

Бир милливатт, албатта, электромобиль истеъмол қиладиган ўнлаб киловатт эмас. Аммо кучайтиргич бу ишни уддалаганидан руҳланган олимлар ушбу тизим воситасида узатиладиган электр энергияси миқдорини оширмоқда.

Кучайтиргичнинг ўзини ёқиш катта аҳамият касб этиши мумкин, бу тест учун инженерлар фойдали иш коэффициенти 10 фоизга яқин бўлган умумфойдаланиш кучайтиргичини қўллашди. Аммо буюртма асосида тайёрланган кучайтиргичлар самарадорликни 90 фоиздан ҳам ошириб юборди.

Электромобиллар шосседа ҳаракатланиши чоғида зарядланиши учун маълум вақт керак, аммо энергетика экспертлари келажакни айнан шундай тасаввур этмоқда.

“Назарий жиҳатдан, ҳатто, зарядлаш учун ҳам тўхтамасдан чексиз узоқ ҳаракатланиш мумкин”, дейди электр инженерлиги бўйича профессор ва тадқиқот бош муаллифи Шанхуй Фан. “Сиз ўз электромобилингизни шосседа ҳаракатланаётиб зарядлай олишингизга ишонч бор. Транспорт тубидаги ғалтак электрни йўлдаги энергия узатувчи симга уланган ғалтакдан олади”.

Йўлларда электр узатиш линияларини жорий этиш йирик инвестицион лойиҳа бўлади. Аммо электромобиллар сони кўпаймагунча уни амалга оширишдан наф йўқ, электромобиллар жами транспортнинг камида 50 фоизини ташкил этишини кутишга тўғри келади. Агар машинани қувватлаш осонлашадиган бўлса ҳайдовчиларнинг кўпчилиги электрга ўтиши тайин.

Tesla ўзининг Supercharger тармоғига улкан маблағ сарфлаб электромобилчиларига анчагина қулайлик яратди. Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб 861та Supercharger станцияси ва унинг 5655та зарядлаш нуқтаси бор. Станциялар қурилиши давом этмоқда. “Тесла” машинаси эгалари ярим соат ёки бир соатда бепулга қувватлантира олади.

Машинани йўл-йўлакай зарядлаши учун йўлларни очиб электр узатиш линиялари ётқизиш усули тўғри келмайди, чунки янгидан-янги технологиялар вужудга келмоқда. Бироқ электромобиллар оммалашгани сари ҳайдовчилар максимал қулайликка интилаверади, машинани зарядлаш учун тўхтамасликни истайди.

Гарчи мукаммал деб айта олмасак-да, Стенфорд университети олимларининг тажрибаси истиқболлидир. Ушбу технологиядан уяли телефонларни зарядлашда ҳам фойдаланиш мумкин. Унинг ёрдамида роботлар симсиз кўриниш олишини ҳам тахмин қилса бўлади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"