Elextra – “Женеванинг энг чиройли автомобили” номига биринчи даъвогар

Elextra – “Женеванинг энг чиройли автомобили” номига биринчи даъвогар

Швейцариянинг кичик Classic Factory компанияси 7 март куни Женева автосалонида Elextra электромобилини намойиш қилади.

Classic Factory компаниясини даниялик бизнесмен Пол Сол ва швейцариялик дизайнер Роберт Палм ташкил қилган. “Elextra қиёфасини ишлашда мен ўтмишдаги италян спорткарларининг бежирим чизиқлари, понасимон кузови, ботиқ ва чиқиқ жойлари йўқлигини асос сифатида олдим”, дея фикрлари билан ўртоқлашди Палм.

Машина тўғрисида ахборот кам, аммо унга иккита электромотор ўрнатилиши, тўрт эшикли кузови, тўрт ўриндиқли салони ва тўла узатмали бўлиши маълум. 2,3 сонияга етмасданоқ юз тезликка чиқади.

Электромобилсозларнинг иккитадан биттаси ўз маҳсулотини “Тесла”нинг кушандаси” деб таърифлаётган даврда Elextra муаллифлари бундай демади. Чунки Elextra эксклюзив электромобиль бўлиб, ҳамма ҳам сотиб олавермайди.

Машина Штутгарт яқинидаги фабрикада йиғилади. Бор-йўғи юз нусха Elextra тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бу электромобиль нархи чўнтакни чақадиган даражада қиммат бўлишини англатади.

Elextraни серияли ишлаб чиқаришгача анча бор, чунки Сол ва Палм лойиҳага сармоячиларни жалб этиш ниятини билдирди. Негаки ялпи электромобиль ишлаб чиқаришга ҳамкорларнинг маблағи етмайди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"