Элон Маск: батареяни зарядлаш ўрнига алмаштиринг

Элон Маск: батареяни зарядлаш ўрнига алмаштиринг

Уч йил муқаддам Tesla электромобилчиларга батареяни зарядлаш эмас, тўла алмаштиришни таклиф қилганди. Бунинг учун тажриба тариқасида алмаштириш маркази ҳам ташкил этилган, аммо ғоя ривожланиб кетмаган ва 2015 йилда ёпилган эди. Чунки электромобиль эгаларининг бор-йўғи беш фоизи батареясини алмаштиришга рози, 95 фоиз ҳайдовчилар эса узоқ вақт талаб қилса ҳам аккумуляторни зарядлашни афзал кўрганди.

Мижозларнинг скептикасига қарамасдан Элон Маск осонликча орқага қайтадиганлардан эмас. Шу йилнинг май ойида Маск аккумуляторни алмаштирувчи мобиль станцияни патентлади. Унда трейлерга ўрнатилган рампадан фойдаланилади. Электромобиль эгаси истаган жойига трейлерни чақириши мумкин, 15 дақиқада битта одам батареяни алмаштира олади. Бунинг яна бир қулай жиҳати шуки, чеккароқ жойда электромобилнинг қуввати тугаб қолса, дарров трейлер ёрдамга чақирилади.

Электромобиль кўтаргич-рампага келгач, техник зарядсизланган батареяни ечиб янгисини ўрнатади. Бу хизмат нархи 60 доллардан 80 долларгача бўлиши тахмин қилинмоқда. Аммо фойдаланиб бўлгач, электромобиль эгаси олган аккумуляторини қайтариши ва ўзиникини олиб кетиши керак. Чунки батарея электромобилнинг энг қиммат қисми ҳисобланиши ва унда завод кафолати бўлишини эсдан чиқарманг.

Tesla АҚШ ҳудуди бўйлаб қувватлаш тармоғи қураётган вақтда бу хизмат керакми-йўқми – бир нарса дейиш қийин. Элон Маск тижорий электромобиллар автопарки бўлган компанияларга бу хизмат асқотишини айтмоқда. Аммо хусусий секторнинг ўзи билан кифояланиб қолиш эҳтимолини ҳам у рад этгани йўқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"