Энди қандай “Лада”лар чиқади? (савол-жавоблар)

Энди қандай “Лада”лар чиқади? (савол-жавоблар)

“Лада” автомобилларига қизиқувчилар орамизда кўплиги сир эмас. Зотан, катта ёшли ҳайдовчиларимизнинг орасида “Лада” (Жигули) миниб кўрмагани йўқ бўлса керак. Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўчаларида “Лада”нинг “Калина”, “Гранта”, “Приора”, “Веста”, “Ларгус” каби турлари серқатнов бўлиб қолди.

Янги Vesta SW универсалининг чиқарилиши Lada маркасига бўлган қизиқишни жонлантириб юборди. Auto.mail.ru “АвтоВАЗ” компаниясининг маҳсулот портфелини ривожлантириш бўйича бошқарув раҳбари Сергей Корниенкога бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида ушбу саволларга жавоблар келтирилган.

-  XCODE кроссовери қачон савдога чиқади?

- XCODE концептуал русумдир. 2016 йилда Lada автомобилларининг дизайн ва технология борасидаги эҳтимолий ривожланиш йўналишларини белгилаб олиш учун биз уни Москва автосалонида намойиш қилганмиз. Модомики, одамлар ҳозиргача бу тажрибавий машинани эслашар экан, у ўз вазифасини муваффақиятли бажарибди. Ҳозирча, бир нарсани айта оламан – XCODEга қўлланган ечим вақти келиб серияли маҳсулотда қўлланади. Аммо кроссовер шаклида бўлиши шарт эмас. “АвтоВАЗ” янги форматлардаги янгиликларни тайёрлайди.

-  “Веста”да тузукроқ автомат ёки вариатор пайдо бўладими?

  • Яқин вақтларда “Веста”га АМТ роботлаштирилган узатмалар қутисини (индекси 2182) қўйишда давом этамиз. Уни яхшилашимиз ва оптималлаштиришимиз шак-шубҳасиз. Тадқиқотлар мижозларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам бундай автоматик трансмиссиядан мамнунлигини кўрсатди. Шундай бўлса-да, бу бошқа турдаги узатмалар қутисидан фойдаланмаймиз, дегани эмас. Биз муқобил вариантларни кўряпмиз, бироқ жорий этиш бўйича якуний қарор, ҳозирча, қабул қилингани йўқ.

-  Эски “Нива”нинг янги авлоди “Лада” 4х4нинг тақдири нима бўлди?

- Бу лойиҳанинг тафсилотини овоза қилишга ҳали эрта. Гап бундоқ – ишлар кетяпти, биз концепцияни танлаш босқичидамиз: авторусумнинг двигатели классик тарзда бўйлама ҳолатда жойлашадими ёки кўндалангми? Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам Lada 4x4 чиқишига анча бор. Бундай мураккаб вазифани амалга ошириш бир-икки йиллик иш эмас.

- “Веста Кросс”га қачон тўла узатма ўрнатилади?

- Биз Vesta SW Crossни минган мижозларимизнинг фикр-мулоҳазаларини диққат билан ўрганамиз ва кейин бир қарор қабул қиламиз. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, автомобилнинг олди тортадиган варианти ҳам жуда ўтувчандир. Аммо унутмайликки, бу барибир классик йўлтанламас эмас. Бизнинг маҳсулотларимиз орасида жиддий тўсиқларни ошадиган 4х4 (эски “Нива”) бор. Бундан ташқари, тўла узатмали вариантни ясаш масаласининг иқтисодий томони ҳам долзарб: талаб сарфланган харажатни қоплайдими? Шунга қарамасдан биз ҳар бир мижоз ўзининг таъбига мос автомобилни танлай олиши учун Vesta оиласини кенгайтириш устида мунтазам ишламоқдамиз.

- Vesta SW универсали ва Cross версияларининг осмалари ҳар хиллиги тўғрими?

- “Ҳа”, дейиш ҳам, “йўқ”, дейиш ҳам мумкин. Седаннинг, универсалнинг ва “Кросс”нинг осмаси тузилиши бир хил – олдида “МакФерсон” устуни, орқасида қайишқоқ балка. Аммо SW версиясининг орқа пружинаси бошқача. Cross эса янаям кўпроқ фарқланади – унинг туби ердан 203 смга баланд, ғилдираклар базаси 14 ммга кенгроқ, амортизаторлар ва пружиналар комплекти ҳаммаси оригинал. Йўл юришини маромига етказиш учун улкан меҳнат сарфланган! Шунинг учун ҳам Cross жуда текис юради. Биз автонинг бошқарилувчанлик ва текис ҳаракатини муваффақиятли равишда уйғунлаштира олганмиз.

- “АвтоВАЗ” дизель, турбодамлаш (турбонаддув) каби янги двигателлар тайёрлаяптими?

- Яқиндагина биз русумларимизга  ишчи ҳажми 1,8 литр ва қуввати 122 от кучига тенг бўлган ВАЗ-21179 бензинли моторини қўя бошладик. У киришда газ тақсимлаш фазалари ростланадиган тизимга эга. Двигателларни ривожлантириш масалалари бўйича биз Renault-Nissan-Mitsubishi алянси билан яқин ҳамкорлик қиламиз. Алянс доирасида энг замонавий технологияларга қўлимиз етади. Ҳамкорларимиз билан бозор талабини кузатамиз ва “мотор” йўналишини биргаликда ривожлантирамиз.

auto.mail.ru

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"