Ер юзидаги энг узун кўприк Циндао ҳақида биласизми (фотолар ва видео)?

Ер юзидаги энг узун кўприк Циндао ҳақида биласизми (фотолар ва видео)?

Хитойнинг шарқий Шандун провинциясида жойлашган Циндао кўприги кўрфаз устидан ўтган. Кўприк Т ҳарфи шаклидадир, яъни қирғоқнинг уч нуқтасини туташтиради.

Бу кўприк Циндао ва Хуангдао шаҳарлари орасидаги масофани қисқартириш мақсадида 2011 йилнинг 30 июнида қуриб битказилган.

Циндаонинг узунлиги 42,5 км. Бу борада Ер юзида унга етадиган кўприк ҳали қурилмади. Циндао сув устидан ўтказилган энг узун кўприк сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Циндао кўприги тўрт йил мобайнида қуриб битказилган. Уни бунёд этишда 10 мингга яқин ишчи-ходим хизмат қилган.

Қурилиш ашёларидан 450 минг тонна пўлат ва 2,3 млн куб метр бетон сарфланган. Циндао кўпригининг металл конструкциялари, асосан, пайвандлаш ва болтлар орқали бириктирилган.

Олдиндан ҳисобларга кўра, кўприк саккиз балли зилзила, тайфун ва кемалар урилишига бардош беради. Кўприк ҳар бири 35 метрдан бўлган 5 мингдан ортиқ тиргакларга таяниб турибди. Бир қизиқ нарсани айтиб ўтамиз: кўприк очилаётганда унинг ёритиш тизими йўқ эди.

Қурилиш ишларига 60 млрд Хитой юани сарф бўлган. Лойиҳани Shandong Gausu Group компанияси ишлаб чиққан.

Ҳар куни Циндао кўпригидан кунига 30 мингга яқин автомобиль ўтади. Бироқ бу кўприк Циндао ва Хуангдао орасидаги масофани атиги 20-30 дақиқага қисқартиради холос. Шунинг учун баъзи танқидчилар қурилишга сарфланган катта харажат ўзини оқлагани йўқ, деб ҳисоблайди.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"