Эртакнамо Ҳиндистон йўллари бўйлаб

Эртакнамо Ҳиндистон йўллари бўйлаб

Ҳиндистон табиати ва ёввойи ҳайвонлари билан саёҳатчиларни ўзига мафтун қилган. Бироқ мамлакатга ташриф буюрган саёҳатчи борки, Ҳиндистоннинг йўлларини ҳам асло ёдидан чиқармайди. Чунки йўллар тиғизлиги, ҳаракат иштирокчиларининг ранг-баранглиги, тушунарсиз хатти-ҳаракатлари билан кишини ҳайратда қолдиради.

Минг бир хил транспорт

Мегаполислар ва қишлоқ йўлларида транспорт воситаларининг анвойи турларини учратасиз. Автомобиль, велосипед, автобус ва мотоцикл каби одатий транспортдан ташқари бу йўлларда рикша, туя, фил, эшак, ғилдиракли бочкаларда ҳаракатланаётганларни ҳам кўриш мумкин.

Бошқача айтганда, нимаики ҳаракатланиш ва юк ташишга қодир бўлса, у Ҳиндистоннинг йўлларида бор. Бу турфа транспортлар жонли-жонсизлигига қарамасдан ҳаракатнинг тенг ҳуқуқли қатнашчиси саналади.

Кўп қадим йўллар..

Ҳаттоки, кам тараққий этган мамлакатларда бўлган саёҳатчилар ҳам Ҳиндистон йўлларини кўриб лаб тишлайди. Икки тарафлама ҳаракатланадиган кўчаларнинг деярли бари йўл чизиқлари йўқ, бир полоса холос. Бизнинг йўлларимиздан торроқ, асфалт эса фақат федерал даражадаги йўлларга ётқизилган.

Ҳаттоки, йирик аҳоли яшаш пунктларида ҳам тротуар анқонинг уруғи, шу боис одамлар йўл ёқаси бўйлаб пиёда юришади.

Огоҳлантирувчи ёки ахборот-ишора белгилари светофорлар каби ўта сийрак. Аҳоли эса бунга кўникиб кетган. Тик бурилишдан огоҳлантирадиган йўл белгиси кўпроқ учрайди. Светофорларнинг аксари ишламайди. Йўл ҳолати хароб. Ҳаттоки, катта трассалари ҳам ёритилмайди.

Ҳиндистоннинг тоғли илонизи йўлларида юриш машаққатнинг ўзгинаси. Бурилиш радиуси 20 метргача етади. Йўл четида тўсиқлар йўқлиги ва сал нарининг кўринмаслиги ҳаракатланишни янада мураккаблаштиради.

Бу мамлакатда пиёдаларга йўл бериш расм эмас. Йўлни кесиб ўтмоқчимисан – ўзингга ишон, чаққонлик кўрсат. Ўтиш йўлагида эпчил ҳаракат қилмаганлар соатлаб туриб қолиши ҳеч гап эмас.

Европада трасса қироли “Мерседес”, Ўзбекистонда “Малибу”, Ҳиндистонда эса сигир. Йўлдаги сигирни эҳтиёткорлик билан айланиб ўтиш шарт, акс ҳолда полициячи билан кўнгилсиз учрашув ва каттагина жарима кутади.

Қоида борми?

Албатта, Ҳиндистонда йўл қоидалари ишлаб чиқилган ва озми-кўпми амал қилишади. Уларни ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда ўрганишади. Ўқувчи машғулотларда яхши иштирок этса ва имтиҳонни қониқарли топширса “права” олади. Бироқ тегишли кишиларнинг томоғини мойлаб гувоҳнома сотиб олиш ҳам қийин ишмас.

Ҳайдовчилар кўпинча, йўл қоидаларини писанд қилмайди. Йўл кесишмасига яқинлашаётганда ҳайдовчилар атрофни бошига кўтариб сигнал чалади. Аммо йўлда сигнал чалиш одатий ҳол бўлганлиги учун бошқалар парво ҳам қилмайди.

Ҳиндистонлик ҳайдовчилар тез юрмайди ва ҳеч қачон маст ҳолда машина бошқармайди. Бу, мақташга арзигулик ҳолат, бироқ шунга қарамасдан, йўл-транспорт ҳодисалари мамлакатда кўп тарқалган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"