Фаралар тараққиёти: керосин чироқдан лазергача

Фаралар тараққиёти: керосин чироқдан лазергача

Бугунги мақоламиз машинанинг кўзи — фаралар ҳақида

Автомобиллар такомиллашган сари фаралар ҳам замонавийлаша борди. Ўтган юз йил мобайнида фараларнинг нури текис тушадиган, қаршидаги инсоннинг кўзини қамаштирмайдиган, тежамкор ва хавфсизлашиб борди. Мақоламизда машина оптикаси ривожланишининг муҳим босқичларига тарихий саёҳат уюштирамиз.

Ацетилен фаралар

Автомобилларга қўйилган биринчи фара оддий керосин чироқ эди. Уларни фара деб аташ қийин, габарит чироқчаси дейиш мумкин, чунки жуда хира ёритарди. Фара инқилоби 1880-йилларда амалга ошди, паровозларда ацетиленли прожекторлар қўллана бошланди. Машҳур авиаконструктор Луи Блерио ацетиленли чироқларни автомобилга ҳам ўрнатишни таклиф қилди.

Ацетиленли ёритқичлар қуйидагича тартибда ишлаган: кичик идишга (Renault Type Y-A фотосуратида яхши кўринган) калций карбиди ва сув тўлдирилган. Вентил орқали ацетилен фарага етиб борган ва ҳайдовчи уни оддий гугурт билан ёққан. Бу керосиндан кўра самарадорроқ, аммо нури барибир кучсиз, амалда қўллаш ноқулай эди.

Электрли фаралар

Автомобилларнинг биринчи электрли фарасини 1898 йилда Коннектикут штатида жойлашган Electric Vehicle Company фирмаси тайёрлади. Аммо янги ихтирони, ҳаттоки, ушбу марканинг машиналари ҳам оммалаштиролмайди. Фарадаги чўғланма тола тезда куйиб қолар, хусусан ташқаридаги об-ҳаводан қаттиқ таъсирланар эди.

1912 йилга келиб инновацион ечимлари билан ном чиқарган Cadillac компанияси Delco электрли тизимига кирган электрли фараларини намойиш қилди. Пишиқ чўғланма толалар ва нурқайтаргичлар ёрдамида, ниҳоят, рисоладагидек фара ясалди. Бу фара совуқда ҳам, ёмғирда ҳам яхши ишлади. 1915 йилда Guide Lamp Company саъй-ҳаракатлари натижасида яқинни кўрсатувчи чироқлар пайдо бўлди (дастлабки фараларнинг нури жуда ёрқин ва кўзни олувчи эди). Полдаги тугмани босиш орқали узоқни ва яқинни кўрсатувчи чироқларни уланарди.

Айланма механизм

Бу механизмнинг тарихи анча узун. Даставвал 1935 йилда фараларнинг айланма механизми Tatra T77дa пайдо бўлди. Унда биттагина фара-прожектор автомобиль пешонасидан жой олган. АҚШда эса 1948 йилда Tucker Torpedo Sedan айланма механизмли фарага эга бўлди. 1964 йилда Citroen DSнинг шарофати билан бу турдаги фаралар оммалашиб кетди.

Унутилган ғояни 80-90-йилларда қайта тиклашга уриниб кўришди, аммо фарани буриш механизми жуда секин ишларди. Шунинг учун айланма механизм асосий блокдаги қўшимча лампаларга ўрнини бўшатиб берди.

Асимметрик нур

Иккинчи жаҳон уруши автомобилсозлик суръатига таъсир кўрсатди, шунинг учун нур таратувчи мосламаларни янгилаш 50-йилларга тўғри келади. Французларнинг Cibie компаниясининг туманга қарши фараларини собиқ ССРИда ҳам яхши билишган. Унинг асимметрик нури йўлнинг икки томонини ёритарди. Шу тариқа фаралар қаршидан келаётган машина ҳайдовчисининг кўзини қамаштирмайдиган бўлди. 1957 йилдан асимметрик чироқлар Европа автомобилсозларининг меъёрий талабларига киритиб қўйилди.

Бурчакли фаралар

Чўзинчоқ шаклдаги фаралар урушдан олдин Американинг Plymouth автомобилларига ўрнатилган. Бироқ бурчакли нурсочарнинг ортидаги нурқайтаргичнинг шакли барибир думалоқ эди. Тўртбурчак фара эса 60-йиллар бошида дунёга келди. Уни Citroen компаниясининг Ami русумида учратиш мумкин эди.

Галоген фаралар

Бугунгача етиб келган, ўз замонасининг энг мукаммал фараси 1962 йилда пайдо бўлган. Hella компаниясига қарашли галоген фаралари узоқ хизмат қилар, иссиқлик ажралиб чиқиши кам, ҳажми ҳам ихчам эди. Бироқ унда ҳам чўғланма тола қўлланган, толанинг эса умри узоқ эмаслиги сизга яхши аён.

Ксенон фаралар

Галоген фарани ҳам, ундан зўрроқ рақибини ҳам яратган Hella компанияси бўлади. Hella 1991 йилда BMW 750iL учун газ разрядли (ксенон) фара ишлаб чиқарди. Одатдаги ксенон фараларда газ ёниб худди кундузги қуёш нури каби оқ ёғду таратади, бундай лампалар тежамкор ва узоқ хизмат қилади. Бордию, оддий чўғланма лампа колбасига ксенон тўлдирсак ҳам галогендан кўра яхшироқ нур таратади. Бу усулни тюнинг сифатида қўллаб туришади, бироқ қўшимча монтаж ва нурқайтаргични мослаштириш зарурати мавжуд.

Нур диодли фаралар

Бугун кенг оммалашаётган фаралар нур диодлидир. Диод чироқчалар 90-йиллардан автомобилга стоп-сигнал вазифасида ўрнатила бошлади. 1993 йилда фарага диод чироқ ўрнатилди, аммо оммалашиб кетмади, чунки технология қимматга тушарди. Бироқ диод бутунлай эсдан чиқиб кетмади. Икки мингинчи йилларнинг бошида BMWда “фаришта кўзи” кўринишида қайтиб келди.

Тўлиқ диод фарали биринчи автомобиль Lexus – LS600h гибрид флагмани бўлди. Расмдаги “Лексус” 2007 йилнинг майида тақдим этилган. Шу йилнинг кузида бўлса Audi R8 намойиш этилди, унинг фаралари ҳам тўлиқ диодли эди. Кейинроқ Audi матрицали диодли фаралар тайёрлади. Унинг электрон бошқарув блоки ёрдамида диод чироқни исталган комбинацияда ёқиш, чеккани ёритиш ва қаршидаги инсоннинг кўзини қамаштирмаслик имконияти бор.

Лазер фаралар

Энг замонавий лазер фаралар ҳаётимизга энди кириб кела бошлади. Бундай фараларда нур манбаи лазер эмас, унинг нури фосфор полосага йўналтирилиб, ташқарига сочилади.

Лазер фаралар 2014 йилдан бозорда пайдо бўлди. Лазер фара қўйилган биринчи серияли автомобиль номига сазовор бўлиш учун  BMW i8 ва Audi R8 LMX талашди, натижада бавария машинаси улоқни олди. Ҳозир энг замонавий лазерли фарани BMW 7да кўриш мумкин.

motor.ru асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#фара

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"