Flydubai лоукостери Ўзбекистонга парвозларни амалга ошира бошлайди

Flydubai лоукостери Ўзбекистонга парвозларни амалга ошира бошлайди

Ўзбекистон Республикаси «Дававианазорат» инспекцияси Бирлашган Араб Амирликларининг Flydubai авиакомпаниясини Дубай-Тошкент йўналиши бўйича доимий авиаташувчи сифатида тасдиқлади. Бу лоукостер аввал тайинланган Emirates Airline ташувчиси ўрнини эгаллади.

Kun.uz'нинг хабар қилишича, бундай келишув 8-10 декабрь кунлари БААнинг ишбилармон доиралари билан музокаралар ўтказиш учун жўнатилган Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида, Ўзбекистон Республикаси «Дававианазорат» инспекцияси вакиллари БААнинг Дубай Амирлиги авиация маъмурияти билан ўтказилган музокаралар якунида тузилган.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ҳаво қатновларининг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги истиқболлари, Flydubai авиакомпанияси томонидан Ўзбекистонга қатновларни амалга ошириш, қатновлар сони ва келишилган қатновлардан фойдаланишда ўзаро фойдали тижорий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида тайинланган авиакомпаниялар («Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Flydubai) ўртасида алоқаларини ўрнатиш каби масалалар муҳокама қилинган. 

Музокаралар натижаларига кўра тегишли Баённома имзоланган, унга мувофиқ, аввал тайинланган Emirates Airline ташувчиси ўрнига Flydubai авиакомпанияси Дубай-Тошкент йўналиши бўйича доимий авиаташувчи сифатида тайинланган. 

Flydubai авиакомпаниясига Дубай ва Тошкент ўртасида ҳафтасига 5 марта, IATA Summer 2019 мавсумидан бошлаб ҳафтасига 2та қўшимча мунтазам йўловчи қатновларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатга кам бюджетли авиакомпанияларни жалб этишни назарда тутувчи қарор қабул қилинганди. 28 февраль куни эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов 2018 йил охиригача «миллий лоукостерни ташкил этиш бўйича ишлар» якунига етишини маълум қилганди.

Маълумот учун, лоукостер — кам бюджетли авиакомпания бўлиб, бундай авиакомпания эксплуатация харажатлари пастлиги ва бошқа бир қатор омиллар ҳисобига чипталарни паст баҳода сотишга қурби етадиган авиаташувчидир. Лоукостерлар чипта нархини арзонлаштириш учун одатда йўловчи класси битта, сиғими унча катта бўлмаган самолётлардан фойдаланади, қўналға сифатида чекка аэропортларни танлайди, чипталарни фақат ўз сайти орқали сотади, катта авиакомпанияларни қизиқтирмайдиган нисбатан кичик шаҳарларга учади.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.