Ғилдирак ўғриларидан сақловчи махфий болтлар ҳақида

Ғилдирак ўғриларидан сақловчи махфий болтлар ҳақида

Устомон ўғрилар машинанинг ғилдирагини ечиб кетиши ҳолатлари катта шаҳарда учраб туради. Бундан ҳимоя сифатида махсус ғилдирак болтлари таклиф этилмоқда. Уни “секретка” деб ҳам аташади.

Мақоламизда “секретка”нинг сирларини очамиз, токи ўғрилар сизнинг машинангиз ғилдирагини оча олишмасин.

Бу оддий болт, аммо қалпоғи стандарт шаклда эмас. Уни фақатгина ўзининг махсус ключида очиш мумкин. “Секретка”нинг камчиликлари ҳам йўқ эмас: айримларини универсал ключ билан очиш мумкин, бошқасини зубило ва болға билан синдириб очса бўлади.

Кўплаб қуйма дискларнинг болт жойлашадиган чуқурчаси шундай ишланганки, болт унга чўккан каби бор бўйи билан жойлашади. Бундан ҳолда на уни универсал ключ ёрдамида бўшатиб ва на синдириб бўлади.

Айланувчи шайбали ва очиқ қалпоқли болт-мослама ҳам учрайди. Унга катта ишонч боғлаш ярамайди, тамоман ёпиқ болтли “секретка” танлаш керак.

Ҳозирги вақтда автодўконларда қимматбаҳо “секретка”лар учрайди, айримларининг нархи ҳатто 30 доллардан ошади. Бу жажжи механизми бўлган мураккаброқ мосламадир. Болт қалпоғи ковак, ўйиғи бор. Унда фиксатор илинади. Фиксатор пишиқ пўлатдан ясалган эркин айланувчи ташқи қобиқни тутиб туради. Фиксаторлар оддий ва магнитли ключ билан очиладиган қулф ёрдамида бўшатилади.

Бир қарашда бу қадар замонавий “секретка” ғилдиракни қўриқчи ит каби ишончли асрайди. Бироқ унинг ҳам нозик жойи бор: лой тушса, бузилиб қолади. Чанг ва кир болтнинг ички механизмини ишдан чиқаради ва оқибатда ғилдиракни ечиб бўлмайди.

Ўз даврида ички ҳимояли болтлар тарқалган эди. Унинг бўртиғи баланд бўлса, газовой ключ билан осонликча бўшатиш мумкин. Агар чуқур бўлса, болтни ўзининг ключи билан ҳам бўшатиш машаққатга айланади. Шундай қилиб улар кўп ишончли эмас.

Конуссимон қалпоқли болтлар энг ишончсиз саналади. Унинг хусусияти диаметрик ариқчаси жуда кичиклигида бўлиб, ключ доим сирғалиб кетади. Кулгили ҳолатлар ҳам юзага келган: махсус ключ ёрдамида болтни қийналиб қотирасиз, аммо газовой ключ билан уни осонгина бўшатиш мумкин.

Ҳисобга олиш зарурки, болтнинг махфийлигини қалпоғининг сифатли конструкцияси таъминлайди. Махфий болт зўриқишга бардошли бўлиши керак.

Махфий болтни бурашда ключга ҳар хил узайтиргич ричаглар уламаслик зарур. Акс ҳолда болт шикастланиши мумкин. Завод ключ узунлигини болтни айлантириш кучига мувофиқ ўлчамда ишлаб чиқаради.

Хулоса қилиб айтганда, махфий болтнинг ишончлилигини қуйидаги кўрсаткичларига асосан билиш мумкин:

  • болтнинг қалпоғи жуда баланд эмас;
  • ҳимоявий ҳалқаси бор;
  • ўта мустаҳкам металлдан ясалган (одатда, махсус термик ишлов бериш туфайли металл пишиқлаштирилади);

Жуда мураккаб механизмли, турли майда тешиклари бўлган болтлар тавсия этилмайди, чунки унга чанг, лой тўпланиб бурашни қийинлаштиради (хусусан, шаҳардан ташқарида ғилдиракни ечишга тўғри келса, бундан ёмони йўқ).

Махфий болтнинг турли бўртиқ ва ўйиқ элементлари бурчакли бўлгани уни бўшатишни осонлаштиради. Шум ниятли шахс универсал ключ ёрдамида осонликча бўшата олади. Ўйиқ ва бўртиқлари силлиқлигига диққат қилиш лозим.

Махфий болтларни ўзи яшамайдиган бошқа ҳудуддан сотиб олиш керак. Чунки ҳар бир минтақанинг махфий болтларининг ўзига хослиги мавжуд, қисман фарқли бўлса-да, кескин ажралиб турмайди. Маҳаллий ғилдирак ўғрилари бу хусусиятдан унумли фойдаланиши хавфи бор.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"