GM Uzbekistan автомобиллари нархи барибир оширилади

GM Uzbekistan автомобиллари нархи барибир оширилади

Жорий йилнинг 30 июнь куни Халқаро пресс-клубда ўтказилган мулоқотда “Ўзавтосаноат“ акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов 1 августдан автомобиллар нархи ўртача 14 фоизга оширилиши ҳақида маълум қилган эди. Табиийки, бу баёнотга нисбатан жамоатчилик ўз муносабатини билдирди, деб ёзмоқда "Халқ сўзи". Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. 

Шундан сўнг 1 август куни “Ўзавтосаноат“ акциядорлик жамияти ўз сайтида “GM Uzbekistan“ автомобилларининг нархлари оширилмаслиги ҳақидаги қўшимча баёнот билан чиққанди. 

Тўғри, 1 августдан нархлар расман ошмади. Бироқ жамоатчилик томонидан “Автосалонларда шартномалар нима учун берилмаяпти”, мазмунидаги эътирозлар кўпайди. Ҳақиқатан ҳам ҳеч бир сабабсиз, халққа маълум қилиниши керак бўлган тартиблар тушунтирилмай шартномалар нима учундир тўхтатилган.

Натижада шу кунларда машина бозорларидаги автомобилларнинг нархи ўсган. Сабаб маълум, кўпчиликнинг кўнглида енгил автомобиларнинг нарх-навоси борасида шубҳалар ортиб бормоқда. 

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА “Ўзавтосаноат“ акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати билан боғланди.

– GM Uzbekistan заводи автомобилларининг нархи ўзгаргани йўқ. 30 июль куни Халқаро пресс-клубда муҳокама қилинган автомобиль нархлари масаласи ҳозирда мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда ҳар томонлама, нарх ошишининг ижобий ва салбий томонларини инобатга олган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда. Нархлар ошиши кутилмоқда, шунинг учун аниқ нарх-наволар белгиланмагани сабаб мижозлар билан шартномалар тузиш ҳозирча тўхтатилган. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда автомобиль нархлари бўйича тарқалган маълумотлар ва автомобиллар нархи бўйича прайс-лист ишончли эмаслигини билдирамиз. Айни вақтда уларнинг нархи ҳали ҳисоблаб чиқилмади. 

Бу сўзлардан англаш мумкинки, демак, автомобилларнинг русумларига кўра нарх белгилаш жараёни кўриб чиқилмоқда. Яқин кунларда нархлар борасида аниқ маълумотларни тақдим этишса, ажаб эмас.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#GM Uzbekistan

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.