GM Uzbekistan автомобилларни сотишнинг ноқонуний схемаси борлиги ҳақидаги хабарларни рад этди

GM Uzbekistan автомобилларни сотишнинг ноқонуний схемаси борлиги ҳақидаги хабарларни рад этди

Kun.Uz‘нинг хабарига кўра, хусусий шахслар, шу жумладан GM Uzbekistan — General Motors (25 фоиз) ва «Ўзавтосаноат» (75 фоиз) — вакиллари Россия федерацияси ҳудудидаги дилерлик компаниялари таъсисчилари таркибига кирмайди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида автомобилларнинг ноқонуний йўл билан сотилиши йўлга қўйилмаган.

GM Uzbekistan компанияси бир қатор нашрлар томонидан Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги вазиятга бағишланган чиқишларга жавобан берган навбатдаги баёнотида шу ҳақда айтилган. Компания матбуот хизмати фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жойлаштирган баёнотида «нотўғри ва мутлақо ёлғон маълумотлар» рад этилган ва «йирик саноат корхоналаридан бирини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар» тўхтатилишига умид қилинган.

Бундан олдинроқ баъзи нашрларда GM Uzbekistan ва «Ўзавтосаноат» АК вакиллари муқаддам экспортга жўнатилиб, сўнгра Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан қайта олиб келинган автомобилларнинг ички бозорда сотилиш «схемаси» ҳамда ушбу мақсадларда фойдаланилган қўшни давлатларнинг (Қозоғистон) чегарадош ҳудудларидаги сақлаш жойлари тўғрисидаги хабарлар тарқалганди.

Бу хабарлар яна бир бор қатъий инкор этилган ва бу хабарлар орқали нафақат GM Uzbekistan, балки бошқа давлат ташкилотлари ҳам мутлақо асоссиз ва далилсиз айблангани қайд этилган.

«GM Uzbekistan’нинг Россиядаги амалдаги дистрибьюторлари — «УзДЭУ Авто Воронеж» ва «Узавто Рус» таъсисчилари таркибида бирор-бир хусусий шахс йўқ», дейилган хабарда.

Шунингдек, «Ўзавтосаноат» АК, GM Uzbekistan ёки уларга боғлиқ компаниялар баъзи нашрлар томонидан эълон қилинган мақолаларда тилга олинган «Академия УзДЭУ» компанияси муассиси ҳисобланмайди, академиянинг ўзи эса «Ўзавтосаноат» АК билан ҳам, GM Uzbekistan билан ҳам ҳеч қандай шартномавий ёки бошқа муносабатларга эга эмас», дейилади баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, GM Uzbekistan автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳисобланади ва «на Ўзбекистон ичида, на ундан ташқарида автомобилларни реализация қилиш билан шуғулланади. Автомобиллар реализацияси ваколатли дистрибьюторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади».

«Биз Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан қайтариб олиб келинган автомобилларни ички бозорда сотиш «схемаси» мавжудлиги ҳақидаги хабарларни тўла рад этамиз… Экспорт-импорт операцияларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш, шунингдек, банк ва божхона назорати тизимлари автоматлаштирилганидан келиб чиқиб, экспорт учун деб кўрсатилган автомобилларни ички бозорда реализация қилиш бўйича хабарларда тилга олинган сохта схемаларнинг на амалий, на назарий жиҳатдан мавжуд бўлишига имкон йўқ», дейилади баёнотда.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.