GM Uzbekistan имтиёзли сертификатлар билан боғлиқ миш-мишлар бўйича баёнот берди

GM Uzbekistan имтиёзли сертификатлар билан боғлиқ миш-мишлар бўйича баёнот берди

GM Uzbekistan компанияси ахборот хизмати кейинги кунларда уруш фахрийларига енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатлар берилиши билан боғлиқ вазият бузиб кўрсатилаётганини маълум қилди, деб ёзади Sof.uz.

«Кейинги кунларда бир қатор ОАВ (хорижда жойлашган)да 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатлар берилиши билан боғлиқ вазият бузиб кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, «Фейсбук» тармоғининг ўзбек тилидаги кенг тарқалган ҳамжамиятларида постлар кўринишида шу мазмундаги хабарлар жойланмоқда», дейилади ахборот хизмати томонидан.

Компания бундай ёлғон, буткул бузиб талқин қилинаётган хабарлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида қуйидагиларни маълум қилди.

Имтиёзли сертификатларни тақдим этиш акцияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Ҳукумат қарорини бажариш доирасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган ҳудудлар тақсимоти бўйича рўйхат асосида 1631 дона исм-шарифли сертификат тайёрланган.

«GM Ўзбекистон» дилерлик корхоналари томонидан давлат бошқарув органлари, мудофаа ишлари бўлимлари, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига сертификатларни уларнинг яшаш манзилларида топширилмоқда.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, сертификатнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 31 декабригача бўлиб, сертификат эгаси 2017 йилнинг ўзига қулай вақтида республикада ишлаб чиқарилган ўзи истаган моделдаги енгил автомобилни навбатсиз харид қилиш учун дилерлик корхонасига мурожаат қилиши мумкин. Ушбу сертификатдан нафақат фахрийлар, балки уларнинг оила аъзолари ва васийлари ҳам фойдаланишлари мумкин.

Шу вақтга қадар ҳали бирор марта ҳам шартнома тузиш ёки автомобилни етказиб бериш муддати чўзилган ҳолат қайд этилмади.

«Шу тарзда, бундай кўринишдаги сунъий равишда ўйлаб топилган сохта шов-шувлар ва ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар томонидан «ғазабли пост» шаклида тарқатилаётган хабарлар (қасддан, ёки масаланинг моҳиятини тушунмай ё бўлмаса бехабарлик сабабли) мутлақо ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайди.

«GMЎзбекистон» АЖ ва унинг жамоаси фахрийларга ҳурмат билан қарайди, уларнинг қаҳрамонликларини эъзозлайди ва шу боис бу мавзудаги турли ўйинлар ёки икки ёқлама ёндашувларга бефарқ қараб туролмайди.

Мазкур акциянинг боришини бирор-бир усулда бузиб кўрсатишга уриниш, уни ҳақиқатга тўғри келмайдиган тарзда изоҳлаш каби ҳаракатларни уйдирма, ёлғон ахборот тарқатиш ва жамиятни қасддан чалғитиш деб биламиз. Ўз навбатида бу ҳолатни компаниямиз ва унинг кўпминг кишилик жамоасининг қадри ва ғурурига нисбатан тажовуз деб баҳолаймиз.

Шу боис адолат ва ошкоралик учун курашмоқдамиз дея ўзларини «адолат тарафдорлари» эълон қилганлар, ўзларини «сариқ матбуот» эмас, ўз ишининг устаси деб ҳисоблайдиган «қалам наҳанглари»га ушбу мавзуда ёзиш ёки изоҳ қолдиришдан олдин яхшилаб ўйлашни маслаҳат берамиз.

Агарда кимдир акция амалга оширилиши жараёнида биз ёки дилерлик корхоналари томонидан қонунбузилишлари ҳолатларига дуч келган, бу борада аниқ маълумотга эга бўлса ушбу маълумотларни аноним эмас, ошкора тарзда, турли камситиш ва ҳақоратларсиз тақдим этишини сўраймиз. Биз бундай фактларни жиддий тарзда, масъулият ва ошкоралик билан кўриб чиқилишини таъминлаймиз.

Ушбу мавзудаги турли фитналарни бас қилишни ва арзон «пиар» учун фахрийлар мавзусидан фойдаланмасликни сўраймиз», дейилади компания баёнотида.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.