GM Uzbekistan инқирозга қарши чора кўрмоқда
GM Uzbekistan “Ўзавтосаноат» ва GM Global билан ҳамкорликда келгусида ички ва ташқи бозор учун ишлаб чиқариладиган автомобиллар сафини кенгайтириш, уларнинг маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳисобига инқироз таъсирини камайтириш мақсадида махсус комплекс чораларни амалга оширмоқда.
Бу ҳақда GM Uzbekistan Operation президенти ва бошқарув директори Хектор Виллареал Тошкентдаги форумда маълум қилди.
“Айни пайтда биз, албатта, асосий импортёрларимиз орқали кечаётган инқироз таъсирларига дуч келмоқдамиз, аммо бозор тикланмоқда”, — дея Sputnik агентлиги Виллареал сўзларидан иқтибос келтиради.
Унинг сўзларига кўра, GM Uzbekistan маҳаллийлаштириш жараёнини ривожлантиришга катта эътибор қаратган.
“Ҳозирда эҳтиёт қисмлар етказиб бераётган ярмидан кўпроғи Ўзбекистонда жойлашган бўлиб, улар автомобиллар ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган 7500 деталнинг 40 фоизга яқинини тайёрламоқда. Дунё тоифасидаги 1,2 ва 1,5 литр ҳажмли двигателлар ишлаб чиқараётган GM Powertrain Uzbekistan заводи компаниянинг асосий фахри ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш бошланган 2012 йилдан буён қувват 260 мингга қадар ошди. Маҳсулотлар Ўзбекистонда йиғилаётган автолар учун қўлланилмоқда. Бундан ташқари, бир қисм двигателлар савдодан кейинги хизматларда фойдаланиш учун АҚШга жўнатилмоқда”, — дея ўз фикрига якун ясади GM Uzbekistan Operation президенти ва бошқарув директори.
Манба:Kun.uz