GM Uzbekistan нархларни оширди. Кейин-чи?

GM Uzbekistan нархларни оширди. Кейин-чи?

Кутилганидек миллий автомобиль компаниямиз машиналар нархини оширди. Аслида бу катта янгилик ҳам эмас. Одамлар кўникиб ҳам қолди, ҳаттоки, муайян муддатда оширилмаса, хавотирга ҳам тушишадиган бўлди. Табиийки, ўз миллий маҳсулотларимизнинг нархи мунтазам ошиб бориши манзарасида ижтимоий тармоқлар GM Uzbekistan адресига норозилигу танқид, истеҳзою дашномларга тўлиб тошади.

Бироқ бу йил GM Uzbekistan раҳбари ваъдани катта қилди. Келаси йили нарх тушишига “уриниб кўрилар” экан. Энг қизиғи, 2019 йилда миллий автомобилларимизни худди телефон орқали сотиб олиш мумкин бўларкан. “Доставка”си ўзида, яна тўла баки билан, ваҳ. Ишонгиси келади одамнинг, аммо “ўлма эшагим, арпа ейсан” мақоли эсга тушиб иштаҳани бўғиши ёмон.

Кеча Шавкат Умрзоқов Ўзбек автосаноатининг асосий муаммоларини санаб бергани ҳақида хабар бергандик. Бироқ компания бошқарув раисининг муаммога шарҳлари бир қатор саволларни туғдиради.

Ҳаммага маълумки, ички бозорда миллий машиналаримиз анчайин қиммат нархда сотилади. Пули аввалдан тўлаб, машинани бир неча ой кутилади. Шундай экан, компания қандай қилиб инқирозга учраши мумкин?

Автозаводнинг харажатларининг кўплиги бошқарувчиларнинг хатоси, аммо унга оддий харидор компенсация тўлаши зарур. Бу қанчалик адолатли?

Бутловчи қисмларнинг атиги 50 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилишини ҳам билиб олдик. “Миллий маҳсулот” дея ардоқлаганимиз GM автомобилларининг ярми четда ясалган бўлса, оғизни тўлдириб миллий дейишимиз қанчалик ўринли?

Таниқли уламо Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқда “Ҳамма GMни ёмонлаб ўтирибди. Демак, бу компаниянинг баракали эканини билмас экансизлар. Умрим давомида GM машиналарини кўпини минганман. Доим янгисини олиб, эскитиб сотганман. 2-3 йиллаб ҳайдаб, бирор марта зарарига сотмабман”, деб жиддий ҳазил аралаш пост қўйди. Унга изоҳ қолдирганларнинг аксарияти GM машиналарини олиш қийин, бироқ олгандан кейин зарарига сотилмаслигини изоҳ тариқасида қолдиришди. Ғаройиб жиҳати шундаки, бизнинг мамлакатимизда GMнинг эски машинаси янгисидан қиммат туради. Чунки бизда GM машиналари инвестицион активга айланиб улгурган.

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган иқтисодчи Юлий Юсупов мавзу юзасидан самарасиз менежмент юритаётган компанияни айблади. Бироқ компания монополиячи эканлиги туфайли барча оғирлик яна харидорнинг зиммасига юкланади. Харидорларнинг ўзи божхона тўловларини бекор қилиши ва монополияни бартараф этишга ҳаракат қилиши зарур, акс ҳолда бу вазият давом этади.

Абдулазиз Муборакнинг “Битта зўр ҳисобчи бўлсаю, ҳисоблаб берса: «Бизда машина чиқади» деб мақтаниш халқ чўнтагига қанча зарар келтираётганини?” деб ёзилган постига Зариф Султоний исмли фейсбукчининг изоҳи: “Буни ҳисоблаш учун профи ҳисобчи бўлиш шартмас. 1 йил навбатда туриб, шапка бериб, орада нарх ошиб қолса, яна қўшимча бадал тўлаб, қон қақшаб, 15-20 минг кўкидан тўлаб салондан тойчоқ олган бечора ўзбек биринчи нима иш қилади, биласизми? Ҳа, топдингиз, автосалондан олган аробасини тўғри автосервисга олиб боради. Олдин 4та резина калишини ечиб, сифатли кроссовкага алмаштиради, кейин ҳамма мурватларини қайтадан торттириб, эшик, багаж, капот, ойналарини эпақага келтиради, бели бақувватроқ харидор бўлса, яна салонга ташқаридан овоз ва шамол кирмайдиган даражада изоляция қилади. У қилади, бу қилади, хуллас, тойчоқни минаман, дегунча она сути оғзига келади... Ҳали минилмаган тойчоқ учун харажат устига харажат... Ўша бой берилган вақт ва сарф этилган шунча пулнинг 4дан бирига, яъни, нари борса 6-8 минг долларга озгина минилган лекин "асаканг кетай" маркали, ўзбек мошинидан ўлса ўлиги ортиқ “Мерседес”, “Ниссан” ёки “Фиат” деган тойчоқни олиб, маза қилиб миниб юрмайсанми, дейдиган одам йўқ. Ортиб қолган 13-15 минг долларини оиланинг кам-кўстига, ўғил-қизларни ўқишига, тарбиясига, тадбиркорликка сарфласа бўлмасмиди? Қисқаси, биз умримизни ва маблағларимизни кимларнингдир чўнтагини қаппайтиришга роса сарфладик. Айниқса, бой берилган вақтни ҳеч қандай моддий бойлик эвазига ортга қайтариб бўлмайди. Моддий зарарни эса хомчўт қилиш қийин эмас. Фойда ҳам, зарар ҳам ўртада...”.

Саидкомил Холхўжаевнинг ташбеҳга бурканган, “адресли” изоҳи кишида кулгу уйғотади: “Афандининг хотини уйда пиширган овқати, Афандига кўчадан сотиб олганга қараганда қимматга тушади, устига-устак, ширин ҳам эмас. Аммо Афанди болаларининг ризқини кесиб бўлса ҳам хотинига овқат қилдираверади. Шунчаки, "бизди уйда ҳам хотин овқат пиширади", дейиш учун”.

Муҳтарам ўқувчи, ҳозирча, сизга тайёрлаганимиз шулар. Carzone.uz мамлакатимиз автосаноатидаги монополия тугаб битишини, автомобиллар нархи пасайишиши ва ўртача маош оладиган фуқаронинг чўнтаги кўтарадиган даражага етишини истайди. Бундан ташқари, автосалонлар хилма-хил ўзбек авторусумларини таклиф этиб, харидорнинг атрофида гирдикапалак бўладиган кунлар келишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам автосаноатнинг камчиликларини ёритишда давом этади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"