Голландияликлар арматурали цементдан кўприк “чоп этмоқда”

Голландияликлар арматурали цементдан кўприк “чоп этмоқда”

Сўнгги вақтда ишлаб чиқаришнинг барча юмушларини 3Д принтерлар зиммасига олмоқда. 3Д принтер ёрдамида турли механизмларнинг қисмлари ҳамда уй элементлари босиб чиқарилмоқда. Нидерландиялик олимлар соҳада яна ҳам илгарилаб, 3Д технологиянинг янги қирраларини очди. Нидерландия техника университети мутахассислари арматурали бетондан турли конструкциялар босиб чиқариш технологиясини ўзлаштирди. Бундай йўл билан қурилган, йўғе, ясалган, аниқроғи, босиб чиқарилган кўприкдан велосипедлар ўтади.

Голланд мутахассислари махсус дастгоҳга эпчил манипулятор ўрнатган. Манипулятор цемент аралаштирилган қуюқ қоришма ҳамда пўлат тросни қат-қатлаб етказиб беради. Кўприксозликнинг дастлабки босқичида олимлар кўприкнинг икки баробар кичрайтирилган нусхасини ясаб кўрди. Кейинги тажрибаларда ясалган кўприк 2 тонна юкни кўтарди.

Ҳозир бўлғуси кўприкнинг тўлиқ ўлчамдаги қисмлари босиб чиқарилмоқда. Мутахассислар бу ишга икки ойдан кўп вақт кетмаслигини айтмоқда. Қисмлари битгач, сентябр ойидан кўприкни йиғиш бошланади

Айтиш керакки, дунёда биринчи бўлиб голландлар кўприк босиб чиқараётгани йўқ. 2016 йилнинг декабрида Мадридда кенглиги 2, узунлиги 12 метрли кўприк цементдан босиб чиқарилган. У 3Д принтерда “чоп этилган” биринчи бетон кўприкдир.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"