Гонгконгда Tesla кетмай қолди

Гонгконгда Tesla кетмай қолди

Апрел ойининг сарҳисоби бўйича Гонгконгда биттаям Tesla электромобили сотилмади, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal. Одамлар бирдан “Тесла”дан юз ўгирганининг сабаби нима? Гап шундаки, 1 апрел куни ҳукумат электрокар сотиб олишда солиқ имтиёзларини бекор қилди. Шу тариқа май ойида савдонинг чўғи суст бўлиб, бор-йўғи беш дона “тесламобиль” сотилди. Компания шундай натижани кутганлигини яшириб ўтирмади.

“Гонгконг биз учун муҳим бозорлардан бири ва биз Tesla автомобилларини ҳар чоракда сотишни давом эттирамиз. Ҳукуматнинг электромобиллар учун солиқ имтиёзларни бекор қилиш қарори уларнинг нархини яна 100 фоизга оширди. Шунинг учун талабнинг кескин тушиши янги тартибга кутилган муносабат бўлди”, дея муносабат билдирди Tesla вакили.

Гонгкондаги суст савдо Америка компаниясининг умумий статистикасида ҳам акс этди. Йилнинг биринчи чорагида Tesla рекорд миқдорда 25 мингта машина сотган бўлса, иккинчи чоракда 22 мингтага тушиб қолди.

Яқинда Данияда шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Кўплаб давлатларда электромобиллар савдоси қизиб тургани ҳолда, Копенгаген ҳукумати “яшил машина”га солиқ имтиёзини бекор қилгач, данияликлар электромобиль харид қилмай қўйди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"