Ҳар бир автомобилда асқотадиган оддий ашёлар

Ҳар бир автомобилда асқотадиган оддий ашёлар

Автомобилсозлар ҳар гал замонавий технологик янги жиҳозлар билан бизни ҳайратлантиради: навигатор, монитор, автопилот ва ҳоказо. Аммо шундай нарса-буюмлар борки, уларни автомобилимизга жойлаш катта харажат талаб қилмайди.

Ҳар бир ҳайдовчи учун қўл келадиган содда ашёларни қуйида санаб ўтамиз.

  1. Елим бутилка тубига мос айлана ғуддачалари. Skoda автомобилида мавжуд.

Skoda оддий ва арзон ёрдамчи мосламалари билан эътибор қозонган. Идиш остидаги айлана ғуддачаларга қаранг. Қойилмақом ўйлаб топилган! Ишлатишга қулай ва содда. Салонда шундай бутилка таглиги бўлса, ҳайдовчи йўлда бутилкани олиб, оёқлари орасида сиқиб қопқоғини очиш даҳмазасидан халос бўлади. Бутилкани сал босиб, қопқоғини айлантириб очаверасиз.

  1. Мобиль телефон учун таглик. Skoda автомобилида мавжуд.

Қанддон, туздонни биламиз, бу эса телефондон! Чехлар ҳар қандай ўлчамдаги телефон учун таглик яратмоқда. Энди телефонимиз олд панелда осилган ҳолатда тебраниб турмайди. Қулай ва арзон.

  1. Навигатор ва регистраторни қувватлагич. Ford Focus автомобилида мавжуд.

Асли бу тешикча сигаретни ўт олдиришга мўлжалланган. Шу билан бирга телефон ва бошқа қурилмаларни қувватлашда қўл келади. Навигатор ҳаётимизга кириб келмоқда, айримлар видеорегистраторсиз рулга ўтирмайди. Ford компанияси қувватлагич тешикчасини олд ойна яқинига жойлади.

  1. Фонарча. Jeep, Skoda, Citroen ва бошқа автомобилларда мавжуд.

Ҳар эҳтимолга қарши фонарчани автомобилда сақлаш керак, йўлда асқотиб қолиши мумкин. Шундай экан, автомобилни ўз фонарчаси билан ишлаб чиқаришнинг ёмон тарафи йўқ. Қолаверса, бу оддий эмас, магнитли фонарча. Худо кўрсатмасин, кечаси қайсидир манзилда ғилдиракни алмаштиришга тўғри келиши мумкин.

Албатта, фонарчани дўкондан сотиб олишингиз мумкин. Аммо зарур бўлганда қуввати тугаб қолса-чи? Автомобилга қарашли фонарчада эса бунинг ташвишини қилмайсиз.

  1. Соябон. Rolls-Royce, Skoda автомобилларда мавжуд

Тўғри, машинада соябон олиб юриш, шарт эмас. Аммо керакли тошнинг оғири йўқ. Машинасозлар соябонини қўшиб сотсин, деб талаб қилмаймиз. Бироқ йиғилган соябонни тиқиб қўйгани қулай уяча бўлса яхши-да. Қолаверса, бу уячага нам соябон ҳам жойлаш мумкин.

  1. Барча турдаги смартфонни қувватловчи улагичлар. Ҳозирча, ҳеч қайси автомобилда йўқ.

Телефон қуввати тугади, қувватлагич эса уйда қолган. Таниш ҳолат. Ҳамма телефонга мос тушувчи қувватлагичлар шодаси тайёр турганига нима етсин. Нархи от билан туя бўлармиди?

Айтганча, симсиз қувватлаш тизими яратилгач, муаммо ҳал бўлади. Аммо бу тизим барча русумдаги телефонларда йўқ.

Салонда USB улагич зарур бўлади. Борингки, 220 вольт розеткаси ҳам асқотиши мумкин.

  1. Юкни маҳкамлаш учун юкхона илгаклари. Toyota, Citroen, Skoda ва бошқа автомобилларда мавжуд

Юкни маҳкамлаб қўйиш учун рельсли ва бошқа турдаги мосламалар ишлаб чиқарилган. Барчаси ўзига хос қулайликка эга, аммо нархи чақади. Оддий илгакларни эса арзимаган нархда харид қиласиз. Бурчакка ёпиштириладиган учбурчак мослама бўлса, ҳар қандай юк осонликча жойлашади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"