Ҳайдовчига кузги маслаҳатлар

Ҳайдовчига кузги маслаҳатлар

Одатда, қишда ҳайдовчига маслаҳатлар кўпаяди. Бироқ куз ҳам шофёрга яхшигина муаммолар тақдим этиши мумкин. Қуйида бу муаммоларга чап бериш йўлларини баён қиламиз.

  1. Ойнатозалагични янгиланг

Агар ойна тозалагичларингиз 10 минг кмдан ортиқ масофани тозалаб қўйган бўлса, алмаштирганингиз маъқул. Эсда тутингки, агар ойнафаррош чала тозаласа ёки чўтканинг каркаси бўшаб қолса, яроқсизга айлангани шу, янгисини олишга оғринманг.

  1. Ҳар гал йўлга чиқишдан олдин фарани тозалаб артинг

Аслида бу ишни ҳар доим қилиш керак (агар фара ювгич бўлмаса). Чунки лойгарчилик мавсуми бўлмаганда ҳам, фарага кўчанинг чанги тўпланиб хиралаштиради. Ҳисоб-китобларга кўра, қоронғуда тоза фара билан 54-55 метрдаги пиёдани пайқаш мумкин бўлса, кир фарада кўриш масофаси 2-3 метрга қисқаради. Бордию, фара жуда кирлаб кетган бўлса, пиёда шўрлик атиги 42-44 метрдан кўринади. Фарқини сезяпсизми – 10 метр! Машина соатига 60 км тезликда келаётган бўлса бир сонияда 17 метр босади. Демак пиёданинг ҳаёти уч сонияга боғлиқ бўлиб қолади.

  1. Либосингизда нур қайтаргичлар бўлсин

Кийимларингизга фликер деб аталувчи нур қайтаргич материалларни тикиб қўйинг. Айниқса, тўқ тусдаги кийим кийсангиз, бу сизга жуда зарур. Акс ҳолда, шом вақти ёмғирли ҳавода янада қорайган кийимингизни ҳайдовчи пайқамай қолишини тасаввур қилинг! Нур қайтаргич материал 100-150 метрдан кўзга ташланади.

  1. Туманга қарши фаралар соз ҳолда бўлсин

Кузда йўлларга қуюқ туман тушади. Айниқса, катта сув ҳавзаларига яқин жойларда бу табиат ҳодисаси кўп кузатилади. Оддий фаранинг нури ҳаводаги сув томчиларида акс этиши ва сочилиб кетиши натижасида юзага келган парда ҳайдовчининг кўзини тўсади, аммо туманга қарши фара ясси ва кенг нури билан гўёки туманни кесиб ёритади.

  1. Шошиб қаерга борасиз?

Агар жиққа ҳўл асфальтда ҳаракатланаётган бўлсангиз, машинангиз бошқаруви оғирлашади ва тормозланиш йўли узаяди. Шунинг учун кузда шошилмай ҳаракатланишга одатланинг. Айниқса, янги йўл чизиғини кўрганда ҳушёр тортинг, у ёмғирда жуда сирпанчиқ бўлиши мумкин. Йўлда тўлқинсимон паст-баландликлар борми, ҳалқоб кўриндими? Тезликни пасайтиринг.

Яқин кунларда ёмғирда юришнинг асосий қоидаларини диққатингизга ҳавола этамиз. Carzone.uzни кузатиб боринг.

auto.mail.ru

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"