Ҳайдовчилик гувоҳномалари давлат хизматлари марказлари орқали берилади

Ҳайдовчилик гувоҳномалари давлат хизматлари марказлари орқали берилади

Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бўлимлари ҳузурида давлат хизмат марказлари орқали берилади. Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни давлат хизматларини кўрсатиш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда ушбу вазифани илгари сурди. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» телеканалига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

2021 йилга қадар мамлакатдаги 5 миллиондан ортиқ ҳайдовчилик гувоҳномалари янгиланиши керак. Бироқ вилоятларда бу каби ишлар билан 3—5 та бўлинма шуғулланса, бутун республика бўйлаб уларнинг сони 49 тани ташкил этади.

Бугунги кунда давлат хизматлари марказларининг сони 201 тага тенг. Ҳайдовчилик гувоҳномасини рўйхатдан ўтказиш учун уларнинг ҳар бирига йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бириктирилади.

Давлат хизматлари марказлари ўз ишини 1 январдан, илгари фақат хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатган «ягона дарча» марказлари базасида бошлаган эди. 1 апрелга қадар марказлар 37 турдаги хизматларни тақдим этган бўлса, жорий ойда уларнинг сони яна 13 тага ортган (улар орасида болаларни боғчага қабул қилиш борасида ариза топшириш хизмати ҳам бор).

Давлат хизматларининг ягона реестрига жами 444 та давлат хизмати киради. Йил охирига қадар давлат хизматлари марказлари умумий ҳисобда 87 турдаги, кейинги йил охирига қадар эса — 160 турдаги давлат хизматларини кўрсатишни бошлайди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.