Ҳайдовчининг автомобиль ва ҳамённи вайрон қиладиган етти зарарли одати

Ҳайдовчининг автомобиль ва ҳамённи вайрон қиладиган етти зарарли одати

Ҳайдовчининг стажи ортиб боргани сари турли-туман одатлари пайдо бўлади. Бу одатларнинг ҳаммасини ҳам яхши деб бўлмайди, қолаверса, ҳайдовчи қанча тажрибали бўлса нохуш одатдан қутулиш шунча қийин кечади. Биз қуйида шундай зарарли одатларнинг бир нечтасини санаб ўтамиз. Улардан қанча тез халос бўлсангиз, ўзингизга яхши.

  1. Узатмалар қутиси ричагига ҳасса каби таяниш

Кўпчиликда ўнг қўлини “скорост”га тираб ўтириш одатини кўрганмиз. У ҳассамидики таянсак, қолаверса, рулни иккала қўл билан тутиш керак. Ричаг бундай юкланишдан синиб кетмайди, албатта, бироқ доимий зўриқиш шестерняларига таъсир ўтказиб, узатмалар уланиши қийинлашади.

  1. Бакда сўнгги томчи қолгандагина ёнилғи тўлдириш

Машина бир жойда узоқ туриб қолганда ёнилғи бакида механик аралашмалар тўпланади, тубида чўкма пайдо бўлади. Бу чўкма ёнилғи насосига тушса, уни ва филтрни зарарлантиради. Қишда бакнинг камида ярми ёнилғига тўла бўлиши керак, чунки конденсат тўпланиб қолиши мумкин. Совуқ фаслда бакдаги сув деформация ва бошқа ишкалларга сабаб бўлади.

  1. Тез-тез тормозлаш

Автомактабда масофани сақлаб юриш ва машиналар оқимига қўшилиб ҳаракатланиш ўргатилади. Аммо агар сиз тез-тез тормозлашга ўч бўлсангиз, тормоз колодкаси ва дискларини мунтазам алмаштиришга тайёргарлик кўраверинг. Йўлда ёмон ҳодиса содир бўлмаслиги учун эса тормоз ичагини ўз вақтида алиштириб, тормоз суюқлигининг оз-кўплигини кузатиб боринг.

  1. Машинадан чиққан ғалати товушга эътибор бермаслик

Машинанинг қаеридандир ғийқиллаган, тақирлаган, визиллаган товушлар чиқиб қолиши мумкин. Улар қандайдир носозликдан даракдир. Айримлар бу товушга эътибор бермайди, охир-оқибат ҳеч кутилмаган вазиятда машина бузилиб қолади. Бордию, “тойчоқ” ғалати кишнаса, дарров ташхис қўйиб даволаш керак.

  1. Қўл тормозидан фойдаланмаслик

Агар автоматик қутили автомобилингизни қияликка қўйсангиз, қутининг кирувчи вал механизми зўриқишга учрайди. Қияликка машинани тўғри жойлаштириш учун тормоз тепкисини тутиб турганча ричагни тўхташ режимига ўтказинг, қўл тормозини кўтаринг ва ниҳоят тормоздан оёғингизни олинг.

  1. Двигатель қизиб улгурмасдан қаттиқ газ босиш

Замонавий автомобилларнинг аксариятини қиздириш шарт эмас (бу ҳақда сайтимиздаги мақолани ўқинг). Аммо кўрсаткич мили ишчи ҳароратни кўрсатмагунча газни қаттиқ босиш ярамайди. Минус ҳароратда машинани ўт олдириб, 1-2 дақиқат ўтгач юриш керак.

  1. Қияликдан тормозни босиб тушиш

Кўплар машинада қияликдан тушаётганда ҳушёрликни ошириш мақсадида оёғини тормоздан узмай ҳаракатланади. Аммо бу тормоз тизимининг қизиши ҳамда тормоз диски ва колодкаларининг едирилишига олиб келади. Бунинг ўрнига қуйи тезликда ҳаракатланиш керак.

Энди эса ҳайдовчининг зарарли одатларини танқид қилиш ўрнига кичик бир маслаҳат берамиз. Машина ўғрилари ёки эшикни очиб буюмларни ўмарувчиларнинг йўловчи эшигининг тутқичига танга қистириб қўйиш усули бор. Эшик ёпилганда брелок ишлайди, аммо марказий қулф машинани беркитмайди ва эшик очиқлигича қолади. Шунинг учун машинани ёпгач, эшикларини бир қур текшириб кўришнинг фойдаси бўлса борки, асло зиёни йўқ.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"