Ҳайдовчисиз автомобиллар қоидабузарликни “ўрганмоқда”

Ҳайдовчисиз автомобиллар қоидабузарликни “ўрганмоқда”

Uber компаниясининг автоном автомобили қоидабузарлик содир қилгани фош бўлиб қолди. Питтсбург йўлида Uber ҳайдовчисиз Ford Fusion седанларини синаётган пайтда бундай ҳодисалар бир неча бор кузатилди, деб хабар беряпти Quartz.

Facebook тармоғига жойланган видеода 26 сентябр куни кечқурун автоном седан бир томонлама йўналишдаги кўчага ўтишга урингани акс этган. Шунда рулдаги ҳайдовчи аралашган ва машинани тўхтатиб бошқа тарафга бурган. Ҳодисанинг бир қисмигина тасвирга туширилган.

24 сентябрда эса Uberнинг ҳайдовчисиз автомобили тунда бошқа машина билан тўқнашиб кетган. Рулда ўтирган синовчи-ҳайдовчи ЙТҲ юз берганини инкор қилди. Uber эса “арзимас ҳодиса” деб изоҳлади. ЙТҲ содир бўлганда автомобиль ҳайдовчисиз ёки ҳайдовчили режимда бўлганлиги қоронғилигича қолди.

Эслатиб ўтамиз: Uberнинг ҳайдовчисиз автомобиллари кўплаб радарлар, лазерли сканерлар ва тасвир сиғими юқори бўлган камералар билан жиҳозланганлиги туфайли тизим жой ва теваракдаги объектларни танишга қодир. Машина ўзи тезланиш олади, тормозланади, бурилади ва яна бир қанча вазифаларни мустақил бажаради. Ҳайдовчисиз автомобилларнинг қобилиятини реал шароитда текшириш учун Питтсбургда синов олиб борилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"