Ҳомиладор аёллар ва ногиронларга бепул такси хизмати!

Ҳомиладор аёллар ва ногиронларга бепул такси хизмати!

Урганч шаҳридаги «Хоразм Равон транс» МЧЖга қарашли енгил такси ҳайдовчилари миллий байрам кунларида шаҳар ичи йўналишларида ҳомиладор аёллар ва ногиронларга бепул хизмат кўрсатишни йўлга қўйишган.

— Дунё ўрнак олса арзигулик бу хайрли ташаббус жамият раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиққан. Улар йил бошидан бери барча миллий байрам кунларида Урганч шаҳри ҳудудида ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга текинга хизмат кўрсатиб, элнинг олқиши ва дуосини олмоқда, — дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Хоразм вилоят бўлими сектор мудири А.Исмоилов. — Ушбу «акция» йўлга қўйилганидан бери йўловчилар уларга айрича ҳурмат билан қарай бошлаганидан, ҳар қадамда мақтов ва дуоларга сазовор бўлаётганларидан ҳайдовчилар мамнун эканларини сезиш қийин эмас. Энг қизиғи, ушбу савоб ишга қўл урилганидан кейин корхонанинг пуллик мижозлари сони янада ортиб, тушум ҳам сезиларли даражада кўпайганини айтишяпти. Бу эса, ўз навбатида, ҳайдовчиларнинг ҳам даромадлари ошишини таъминламоқда.

Эзгу иш орқасида топаётган бундай обрў-эътибор ва баракадан руҳланган «Хоразм Равон транс» МЧЖ раҳбарияти эндиликда туғруқхонадан «янги меҳмон» билан чиққан ёш оналарни уйларига бепул етказиб қўйишни ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда. «Ҳар ким қурби етганча савоб иш қилганига нима етсин! Одамларга яхшилик қилсангиз, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзсангиз, ўзингиз ҳам руҳий ҳаловатга эришасиз экан. Тўғриси, биз бошлаган бу ишимиздан бутун жамоамиз билан завқ оладиган бўлиб қолдик. Буни ҳис қилмоқчи бўлганлар ўзлари ҳам шу каби хайрли ишнинг бошини тутишсагина тушуниб етадилар», – дейди корхона раҳбари Адилбек Ўразов.

«Хоразм Равон транс» МЧЖ кўп йилларлан буён шаҳарда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги кунда корхона тасарруфида 26 та енгил автотранспорт воситалари мавжуд. Автомобилларни кунлик техник кўрикдан, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳам бу ерда малакали ходимлар томонидан амалга оширилади.

Адҳам Xалилов,

«Avto plyus» газетасидан олинди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.