Ичиб машина ҳайдаганлар ўликхонага равона бўлади

Ичиб машина ҳайдаганлар ўликхонага равона бўлади

Таиландда ичкиликбоз ҳайдовчилар билан курашнинг ғаройиб йўлини топишди. Сонгкран байрамида (Буддавийлар янги йили) маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчи шифохона моргига жамоатчилик ишларига жалб этилади.

“Сонгкран байрами давомида маст ҳолда қўлга олинган ҳайдовчилар 15 суткалик мажбурий меҳнат билан жазоланади. Мастлик оқибати нималарга олиб келишини ўз кўзлари билан кўришлари учун касалхона ва ўликхоналарга санитар сифатида ишлашга юборилади”, — дейди Таиланд полицияси Бош бошқармаси вакили полковник Криангдет Чантхаравонг.

Таиландда Сонгкран байрами муносабати билан апрел ойида узоқ муддатли дам олиш кунлари эълон қилинади. Миллий анъанага мувофиқ ушбу байрамни оила аъзолари билан биргаликда нишонлаш керак. Шу сабабдан шаҳарда яшаётганлар ўз қишлоғи ёки бошқа шаҳарларга йўл олади. Байрам туфайли кўплаб алкогол ичилади.

Оқибат ушбу байрам давомида жуда кўп ЙТҲлар содир этилиб, минглаб одам қурбон бўлади. Статистикага кўра, ушбу байрам кунлари Таиланд йўлларида ҳар соатда 2,3 одам ҳалок бўлади ва 160 киши шикаст кўради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"