iPhone муаллифининг автомобили кимошди савдосига қўйилди

iPhone муаллифининг автомобили кимошди савдосига қўйилди

Sotheby's кимошди уйи BMW Z8 родстерини савдога қўйди. Бу русум коллекционерларнинг бисотида кам учрайди. Аммо родстернинг ўзи эмас, тарихи қизиқиш уйғотади. У бир вақтлар Apple компаниясининг асосчиси Стив Жобсга тегишли бўлган.

Кимошди савдо уйининг маълумотига кўра, Стив Жобснинг автомобилларга кўп иштиёқи бўлмаган, аммо немис автомобиль ва мотоциклларини қадрлаган. BMW Z8ни эса унга Oracle компаниясининг собиқ раҳбари Ларри Эллисон тавсия қилган. Бу родстер замонавий автомобилсозликнинг ажойиб намунаси бўлиб, жуда қулайдир.

Жобс кумушранг кузовли, салонига чарм сирилган автомобилни танлаган. У 2000 йилнинг 1 апрелида ишлаб чиқарилган. Кимошдида автомобилнинг махсус сертификати ҳам сотилмоқда, бу машинанинг Жобсга тегишлилигини тасдиқлайдиган далилдир. Apple асосчиси машинани 2003 йилда сотиб юборган ва шундан бери Z8 бегона қўлларда бўлган.

Чиқарилганига 17 йил бўлган родстер жами 25 минг кмга яқин юрган. Уни ҳозир 300-400 минг долларга сотишдан умид қилишмоқда. Машҳур шахснинг номи машина баҳосини кўтариши шубҳасиз. Бошқа Z8лар янгироқлигига қарамасдан, анча паст нархда сотилган.

1999 йилдан 2003 йилгача Z8 родстеридан 5700дан ортиқ чиқарилган. Унда 4,9 литрли V8 двигатели бўлиб, 408 от кучига эгадир. 4,7 сонияда юзга чиқишини билгач, Apple асосчиси ҳам тезликни ёқтирган, деб хулоса қилиш мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"