iPhone ва PS3 тизимини бузган хакерга Tesla автомобилини сотишмади!

iPhone ва PS3 тизимини бузган хакерга Tesla автомобилини сотишмади!

iPhone смартфонларини ҳамда PlayStation 3 ўйин тизимини буза олган Ge0Hot никли хакерни тор доираларда жуда яхши танишади. Асл исми Жорж Хотц бўлган бу дастурчи кейинги йилларда «тузалиш» йўлига ўтиб, тинч ижодий меҳнат билан шуғулланишга киришган. Масалан, ўтган йили у comma.ai стартапига асос солган, унинг доирасида эса ҳар қандай машинага мос келувчи универсал автопилот тизимини яратишга ҳаракат қилган ва маълум натижаларга эришган ҳам.

Янги йил арафасида бу дастурчи бирмунча муддат «ғойиб бўлиб» қолганди, аммо шу кунларда қизиқ вазиятда – можаролар орасида кўзга ташланди. Гап шундаки, у Tesla Motors компаниясининг Model S электрокаридан харид қилмоқчи бўлиб, олдиндан буюртма берган ва тўловни амалга оширган. Маълумки, бу компания автомобилларини фақат олдиндан берилган буюртмалар асосида ишлаб чиқаради.

Хулласи калом, можаро шундаки, Tesla Motors юристлари Хотц билан боғланиб, интеллектуал мулк билан боғлиқ қонунларни бузмасликни маслаҳат беришган. Бунақа кутилмаган жавобдан хакернинг кўнгли оғриган ва буюртмасини бекор қилган.

Electrek сайтининг хабар беришича, Ge0Hot универсал автопилот тизими устидаги изланишларини янги OpenPilot лойиҳасида давом эттиришга киришган. Бунда у ўз ишланмаларини Tesla маҳсулотларига мослаштиришни режалаштирган. Бу эса, табиийки, компанияга маъқул келмаган.

Шуниси ҳам борки, Tesla ўз маҳсулотларини Жорж Хотцга сотмагани билан, ўзи истаса, у бошқа бировдан – иккинчи қўл сифатида сотиб олиши ёки бирор таниши орқали унинг номига харид қилиши ҳам мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.