Иссиқдан азият чеккан ҳайдовчига қимматли маслаҳатлар

Иссиқдан азият чеккан ҳайдовчига қимматли маслаҳатлар

Ҳаво ҳарорати 40дан ошиб, кўча ҳаммомга айланганда машинанинг салонини ҳам оромбахш деб бўлмайди. Хўш, жазирамада ҳайдовчилар нималарга диққат қаратиши лозим?

  1. Машинага ўтирибоқ кондиционерни ёқишнинг нимаси ёмон?

Тўхтанг. Қаттиқ хато қиляпсиз. Ҳароратнинг бирдан тушиши ва кучли совуқ ҳаво оқимидан шамоллатиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Кейин бурун тортиб юрасиз.

  1. Нима қилмоқ керак?

Машинага ўтиргач, двигателни ўт олдириб, ойналарни очинг ва… икки дақиқага ташқарига чиқинг. Салон шамоллагач, рулга ўтиришингиз мумкин.

Машинани ҳаракатлантирганинингизда ойна қия очиқ турсин. Аммо зинҳор елвизакка йўл қўйманг – шамоллайсиз. Энг яхшиси – ойнани диагонал бўйича очишдир, яъни ҳайдовчининг ойнаси ва орқа ўнгдаги ойна. Томқопқоқ борми? Очинг уни ҳам. Вентиляция тизимида ҳаво сиз томонга эмас, бошқа тарафга йўналсин.

  1. Кондиционер қандай ҳароратда созланиши керак?

Мутахассислар 20-22 даражада тутишни маслаҳат беради. Айнан шу ҳарорат инсонга ҳузур бағишлайди. Агар кўчада 40 даража иссиқ бўлса, кондиционер ҳароратини бемалол оширишингиз мумкин. Энг муҳими сизга қулай бўлиши. Салон ҳарорати кўчаникидан 6-7 даражага пасайиб кетиши керак эмас.

  1. Машина офтоб уришидан ҳимоялайдими?

Йўқ, ҳимояламайди. Ахир, офтоб уришидан ташқари, иссиқ элитиши ҳам бор. Кун тиғида соатлаб турган машинанинг салони 50-60 даражагача чиқади. Саунанинг ўзи.

Кўпинча, кексалар ва ёш болакайларни иссиқ элитади. Маълум бўлишича, болаларда “иссиқлик узатилиш механизми” 7-8 ёшда шаклланар экан.

  1. Офтоб уриши ўзи нима?

Одатда, танамиз иссиқликни чиқариш ва терни буғлантириш орқали ўзини керакли ҳароратгача мустақил тарзда салқинлата олади. Бироқ ҳаво ҳарорати жуда баланд, намлик юқори бўлса ёки тана жисмонан зўриқса, ўз-ўзини вақтида совута олмайди. Натижада тана ҳарорати оша бошлайди. Айниқса, сувсизланган организм қизишга мойил бўлади, чунки тер чиқариш жараёни секинлашади. Оқибатда рўй берган ҳолга офтоб уриши деймиз.

  1. Офтоб урганини қандай пайқаса бўлади?

Тўсатдан бошингиз оғриса, айланса, лоҳасликни сезсангиз ёки машина бошқаришда мўлжални ололмаётганингизни пайқасангиз, дарҳол машинани тўхтатиб пастга тушинг.

Зинҳор-базинҳор чека кўрманг. Сояда ўтиринг, пойабзални ечинг, кўйлак тугмаларини бўшатинг, сув ичинг. Асло газли сув, пиво ёки кофе ичманг. Латтани ҳўллаб (латта бўлмаса, майкангиз бор) бошингизга қўйинг. Кейин нам матони гарданингизга ўраб юринг, бу иссиқлик мувозанатини сақлашга ёрдам беради. Аҳвол чатоқми? “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишдан сира уялманг. Офтоб уриши – жуда хавфли дард.

  1. Иссиқдан қандай ҳимояланса бўлади?

Бўйинни ёки қўлни сиқиб турувчи кийимдан воз кечинг. Энг муҳими тез-тез суюқлик ичиш. Ичиш керак экан, деб ширин газли сув ва колани симиравериш ярамайди. Минерал сув, чой, қатиқ ёки морс ичинг. Чекманг, уддалай олмасангиз, чекишни камайтиринг.

Фақат ичимлик эмас, озиқ-овқатга ҳам эътиборли бўлиш керак. Қувват керак-ку, ахир. Ёғлиқ таомнинг баҳридан ўтиш, ўткир ва шўр овқатларни четга суриш, гўшт маҳсулотларидан балиқ тановул қилиш фойдали. Албатта, мева-сабзавотларни пайдар-пай ейиш керак.

Дарвоқе, салонни қуёшнинг ўткир нуридан асрашнинг оқилона йўли олд ойна остига қўйиладиган нуртўсар пардадир. Нур қайтарувчи материалдан тайёрланган махсус парда бўлмаса, оддий картон ёки оқ латта илиб қўйсангиз ҳам бўлаверади.

  1. Бордию иссиқ машинага таъсир қилса-чи?

Замонавий автомобиллар кучли иссиққа бардошли бўлади. Аммо ҳар нарсага тайёр туриш керак. Агар совитувчи суюқликнинг кўрсаткич мили қизил чегарадан ўтиб кетганини кўрсангиз ёки капот остидан буғ чиқа бошласа, дарҳол машинани тўхтатинг. 5-10 дақиқа кутиб, қўлқоп кийиб капотни очинг.

Ёдингизда бўлсин, зинҳор-базинҳор дарров совитувчи суюқлик баки қопқоғини очишга тутинманг. Чунки антифризнинг қайнаш ҳарорати 100 градусдан баланд бўлиб, қопқоқни очсангиз, иссиқ буғ терингизни жиддий куйдириши аниқ. Суюқлик совушини ярим соатча кутинг.

Қўлқопу латталар билан ҳимоя чораларини кўриб қопқоқни эҳтиёткорона очгач, антифриз ёки совуқ сув тўлдириб қўйинг.

  1. Совутиш тизимининг босимини кўтаролмай қопқоғи ёрилган бак билан автохизматгача етиб олса бўладими?

Асло. Совутиш тизимисиз машина бошқариб, моторни тамоман ўлдирасиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"