Жанубий Корея Ўзбекистонда автомобиллар учун газ баллонларини ишлаб чиқаради

Жанубий Корея Ўзбекистонда автомобиллар учун газ баллонларини ишлаб чиқаради

Жанубий Кореянинг Young Shin Tech компанияси Ўзбекистонда автомобиллар газ баллонларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Sputnik агентлиги Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига асосланиб хабар берди.

Икки мамлакат ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандумни имзолаган бўлиб, айни вақтда янги заводнинг жойлашадиган ўрни ва техник-иқтисодий асослари муҳокама қилинмоқда.

Мазкур лойиҳани молиялаштириш 100 фоиз Жанубий Корея томонидан амалга оширилади. Лойиҳанинг барча жиҳатларини ишлаб чиқиш 2016 йилнинг ўрталарида якунланади. Янги ишлаб чиқариш қуввати катта эҳтимол билан “Навоий” эркин индустриал иқтисодий зонасидан ўрин эгаллайди.

Заводда пропан ва бутан газларида ҳаракатланувчи автомобиллар учун мўлжалланган газ баллонлари ишлаб чиқарилади. Келгусида унинг маҳсулотлари МДҲ мамлакатларига, биринчи навбатда Россияга экспорт қилинади.

2017 йилнинг охирига қадар Ўзбекистондаги 74 минг автомобилга газ баллони ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган. Аввалоқ, «Ўзавтосаноат» томонидан GM Uzbekistan буюртма бўйича газ баллонларини ишлаб чиқариши хабар берилган эди.

2014 йилнинг ўрталарида “Навоий” ЭИИЗда ўзбек-италиан қўшма корхонаси — Avtosanoat — Landi Renzo иш бошлаган эди. Унда йилига 25 мингта сиқилган газ етказиб бериш учун ускуна жамламаси ишлаб чиқарилмоқда.