Келажакда автомобилнинг қайси элементлари такомиллашади?

Келажакда автомобилнинг қайси элементлари такомиллашади?

Автомобиль кўплаб тизимлардан ташкил топган яхлит катта тизимдир. Техник тизим деганда умумий техник вазифани бажарувчи конструктив элементлар йиғиндиси тушунилади. Автомобилнинг энг асосий тизимлари двигатель, трансмиссия, руль бошқаруви, тормоз тизими, тутиб турувчи тизим, осма ва ғилдираклардир.

Двигатель механик энергия манбаи бўлиб, автомобилни у ҳаракатга келтиради. Бошқа турдаги энергияларнинг ўзгартирилиши натижасида механик энергия ҳосил қилинади. Автомобилда, хусусан, ёнилғининг ички энергияси ва электр энергиясидан фойдаланилади. Двигатель ҳаракатни вужудга келтирувчи ва етакчи ғилдиракка узатувчи трансмиссия билан боғланган. Узатилган ҳаракат ғилдиракни айлантиради ва машина юради.

Автомобилнинг барча тизимларини кузов тутиб туради (тутиб турувчи тизим). Кузов, бундан ташқари, пассив хавфсизлик тизимининг муҳим элементи саналади. Ғилдираклар ва кузовни осма эластик тарзда боғлаб туради. Автомобиль рул ва тормоз тизимлари ёрдамида бошқарилади. Руль ҳаракат йўналишини идора қилса, тормоз тизими ҳаракат тезлигини, тўхташни ва тўхтаб туришни таъминлайди.

Замонавий автомобилнинг конструкцияси бир вақтнинг ўзида қуйидаги йўналишларда ривожланади:

  1. Хавфсизлик тизими мукаммаллашади. Автомобиль хавфли объект саналади, шу боис турли хавфсизлик тизимлари такомиллашиб боради. Фаол хавфсизлик тизимлари, жумладан, курс барқарорлиги тизими, тормознинг антиблоклаш тизими кенг тарқалади. Пассив хавфсизлик воситалари қўлланиши ҳисобига ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳимояси сезиларли даражада ошади.
  2. Автомобиллар янада тежамкор бўлади. Ёнилғи сарфи двигатель тузилиши ва узатмалар қутисига сезиларли даражада боғлиқ. Ёнилғини бевосита юбориш тизимларини қўллаш орали двигатель тежамкорлигига эришилади. Бундан ташқари енгил металлар ва пластиклардан кенг фойдаланилиши ҳисобига автомобилнинг вазни енгиллашиб, ёнилғи иқтисод қилинади.
  3. Экологик хавфсизлик ошади. Автомобиль атроф-муҳитни булғовчи манбадир. Шубҳасиз, бу экологик хавфсизликни тинимсиз ошириб боришни тақозо қилади. 2005 йилдан бери автомобилсозлар учун белгиланган Евро-5 экологик меъёри машинанинг чиқариш тизимини ўзгартириш ҳисобига ҳавога ташланадиган зарарли моддалар миқдори ва шовқин даражасини камайтиришни назарда тутади.
  4. Қулайлиги ошади. Автомобилсозлар ҳар бир мижоз учун алоҳида қулайликка эга бўлган машина ясаш борасида мусобақалашмоқда. Автоматик узатмалар қутиси, кучайтиргичли руль бошқаруви, иқлим назоратчиси таомилга кирди. Энг аъло машина русумлари мослашувчан осма, фаол оптика каби тизимлар билан жиҳозланмоқда.

myauto26.ru асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"