Келаси йилдан ҳайдовчилик гувоҳномалари мактабларда берилиши мумкин

Келаси йилдан ҳайдовчилик гувоҳномалари мактабларда берилиши мумкин

Ўзбекистон ИИВ 2018-2022 йилларда тадбиқ этиладиган янги “Йўл-ҳаракати хавсизлиги концепцияси”ни ишлаб чиқди. Айни дамда ушбу ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида жойлаштирилган.

Келаси йилнинг биринчи чорагида барча умумтаълим мактабларида “Йўл-ҳаракати хавфсизлиги” мажбурий дарси киритилади. Ушбу дарслар болалар ёшини ҳисобга олган ҳолда, 7-11, 11-14 ва 14-18 ёшли болалар учун алоҳида ўтилади. Энг ёш болалар учун дарснинг асосий қисмини ЙҲХҚ амал қилиш ва фуқаронинг умумий ҳуқуқий таълимотига қаратилган бўлади.

Шунингдек, ўқув муассасаларида 18 ёшга тўлган,  ўқув-курсларини тугатган ва имтиҳондан ўтган фуқароларга “А” ёки “В” категорияли ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш имконияти ҳам ўрганиб чиқилмоқда.  Бунинг учун ҳар бир туманда махсус автошаҳарчалар ташкил қилиниб, у ерда болаларга йўл-ҳаракати қоидалари, велосипедда ҳаракатланиш ҳамда йўлни кесиб ўтиш тартиб қоидалари ўргатилади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, йил давомида “Йўл-ҳаракати хавфсизлиги” фани бўйича ўқитувчилар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.

Ундан ташқари, мактаб ва коллеж ўқувчилари орасида йил давомида “Яшил чироқ”, “Йўл-ҳаракати қоидалари билимдони”, “Намунали пиёда” каби викториналар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Концепцияда, шунингдек, ўқувчилар, талабалар ва аҳолининг йўл-ҳаракати қоидаларидан хабардорлик даражасини оширишга қаратилган бошқа чоралар ҳам айтиб ўтилган. Хусусан, ижтимоий виделавҳалар намойиш этиш, социал реклама плакатлари тарқатиш кичик синф ўқувчиларини нур қайтарувчи масламалар билан жиҳозлаш  каби чорлар назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Совет Иттифоқи даврида ҳам мактаб ўқувчилари ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш имконияти бор эди. Хусусан, ўқувчилар мактаб дарсларидан ташқари алоҳида йўл-ҳаракати қоидаларини ўрганишар, “ДОСААФ” номли ташкилотларда амалий машғулотларда иштирок этишар ва имтиҳон топшириб ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин эди.  

Ушбу тажриба хорижий мамлакатларда ҳам кенг қўлланилади. Хусусан АҚШнинг бир неча штатларида (Арканзас, Аляска, Висконсин, Дакота, Канзас) мактаб ўқувчилари 14 ёшида имтиҳон топшириб ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши мумкин. Франция, Испания, Швеция, Норвегия ва Исроилда мактаб ўқувчилари 16 ёшда имтиҳондан ўтса қонуний ҳайдовчи бўлишлари  мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.