Келаси йили Жиззахда ишлаб чиқариладиган Peugeot Expert ва Peugeot Boxer ўзи қандай автомобиллар?

Келаси йили Жиззахда ишлаб чиқариладиган Peugeot Expert ва Peugeot Boxer ўзи қандай автомобиллар?

Ўтган куни Жиззахда қурилаётган “Пежо Ситроён” қўшма автокорхонасида Peugeot Expert ва Peugeot Boxer автомобиллари ишлаб чиқарилиши ҳақида ахборот бергандик. Ўқувчиларимиз орасида булар ўзи қандай автомобиль, қандай хусусиятларга эга, деган саволлар туғилишини ҳисобга олиб, бу икки янги авторусумнинг таърифини келтирамиз.

Peugeot Expert - 2008 йилнинг халқаро минивэни

Peugeot Expert 23 йилдан бери ишлаб чиқарилади. 2007 йилгача Peugeot концернининг конвейеридан 300 мингдан ортиқ Expert чиқди.

Унинг биринчи авлоди Scudo деб номланиб, 1995 йилда дунё юзини кўрган. Scudoнинг ўлчами Fiat Dobloдан каттароқ, аммо Fiat Ducatoдан кичикроқ. Унинг йўловчиларбоп модификацияси такси сифатида ишлатилган. 9 йўловчини сиғдиради.

Peugeot Expert 2008 йилнинг халқаро минивэни (International Van of the Year 2008) номига сазовор бўлган. Бу унвон 1992 йилдан бери 20та Европа мамлакатидан келган ҳакамлар ҳайъати тарафидан берилади. Peugeot Expert барча комплектацияларининг қулайлиги, манёврчанлиги, пневматик осма ўрнатиш имконияти ва двигателининг тежамкорлиги сабабли ҳакамлар эътирофига сазовор бўлган.

Мотори олдида жойлашган. Citroën Spacetourer номли учинчи авлоди Euro NCAP хавфсизлик синовидан бешта юлдузча олган.

Peugeot Boxer – микроавтобус ва фургон

Peugeot Boxer тижорий фургондир. У “Fiat Centro Stile” дизайн-бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Бўлажак ўзбек фургони асли 1978 йилдан бери чиқарилади, бироқ ҳозирги қиёфасини 2006 йилда олган. У Peugeot Boxer, Citroen Jumper, RAM Promaster маркалари остида Италия, Франция ва Россияда ишлаб чиқарилади.

Boxerнинг ҳам олди тортади. Узунлиги 6363, кенглиги 2050, бўйи 2522 мм. Тўла вазни 4005 кг. 100 кмга 8-9 литр ёнилғи сарфлайди.

Бизга азалдан таниш “Газел”ни эслатувчи бу икки автомобилни ўзбек автомобили деб атайдиган кунлар ҳам яқин. Эҳтимол, ўзбекча ном қўйишга тўғри келар. Ахир, “RAVON” номи бизники-ку. Агар қайта номлашга эҳтиёж туғилса қандай ном қўйган бўлар эдингиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"