Кир машина ҳайдайман

Кир машина ҳайдайман

Одамлар нега серсавлат, яғриндор кроссовер сотиб олади? Одатда, чўнтаги бақувват фуқаролар йўлтанламас минишини ҳисобга олсак, бу тўкисликнинг белгиси. Гарчи у йўлсиз шароитда юриш учун ишлаб чиқарилган бўлса-да, фақат шаҳарда ҳайдаб юрилиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Тўғри-да, пулингга ол ва истаган жойингда мин. Аммо кўпчилик мамлакатларда, хусусан, Англияда йўлтанламас олиб, фақат шаҳарда юрсангиз одамлар тушунмасдан ажабланади.

Йўлсиз жойларда юрувчи машина, табиийки, тоза ҳолда бўлмайди. Кроссовери шаҳардан ташқарига чиқмайдиган англияликлар эса кир-чир ҳолатда кўринишнинг йўлини топган. Улар машинасига лой-балчиқ тусини берувчи аралашмани сепади. Қарабсизки, ифлос машина тап-тайёр.

Лой-балчиқ аралашма махсус баллончада олиб юрилади. Бу ғоя Колин Доуз исмли одамнинг хаёлига келди. Шундан кейин лой солинган баллонча Англияда машҳур бўлиб кетди. Одамлар уни атайлаб харид қилиб, машинасини гўё тупроқ ва балчиқни кезгандек тусга келтиришарди. Албатта, ихтирочи бундан яхшигина пул ишлаб олди.

“Бу ғоя бунчалик муваффақият қозониши, ҳатто,  ухлаб тушимга кирмаганди. Менинг “Жип”и бор айрим дўстларим бирор марта шаҳардан ташқарига чиқмаган. Уларга ҳазиллашмоқчи бўлдим ва  қишлоқнинг лойи тўлдирилган флаконни совға қилдим. Совғам уларга ёқиб тушганидан ажабландим, кейин эса буюртмалар кела бошлади. Илгари бир нечта флаконни қўлда тўлдирган бўлсам, ҳозир яқиндаги шахтанинг балчиғини ташиб улгурмаяпмиз”, — дейди Колин Доуз.

Оддий лой-балчиқдан даромад қилаётган омадли бизнесменга ҳавас қилдингизми?

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"