Коррупция, порахўрлик ва таниш-билишчилик: Шавкат Мирзиёев автосаноат ҳақида

Коррупция, порахўрлик ва таниш-билишчилик: Шавкат Мирзиёев автосаноат ҳақида

Шавкат Мирзиёев сешанба куни автосаноатни ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб ёзмоқда Подробно.уз сайти.

Йиғилишда автомобиль саноати мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаши, аммо сўнгги вақтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми пасайиб кетгани тилга олинди. Давлат раҳбари бошқарув доирасининг барча поғоналарида коррупция, порахўрлик ва таниш-билишчилик чуқур илдиз отганини танқид қилди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимида йирик қарздорлик юзага келган. Ўтган йили компаниянинг бир нечта корхонаси фаолиятини зарар билан якунлаган. Автомобиллар йиллар давомида ўз таннархидан паст қийматда экспортга сотилган. Ўз навбатида, таннархни тушириш бўйича салмоқли иш қилинмаган.

Давлат раҳбари автомобилсозликда маҳсулот таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импортни қисқартиришга оид топшириқлар берди. Шунингдек, президент соҳа корхоналарини айланма маблағлар билан тўлдириш, автомобиллар ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотиш тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатда автомобилсозлик тармоғини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Автосалонларнинг жойлашиши ва автомобиллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ички бозорда автомобилларни сотиш тизимини тартибга солиш масалалари ҳам эслаб ўтилди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"