Кун қаҳрамони: Тошкентнинг Себзор чорраҳасидаги йўл назоратчиси

Кун қаҳрамони: Тошкентнинг Себзор чорраҳасидаги йўл назоратчиси

Сўнгги бир ҳафтадан бери Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари сингари пойтахт Тошкентда ҳам ҳаво ҳарорати юқори даражада бўлиб турибди. Маълумотларга кўра, бундай жазирама 11 июлга қадар давом этиши мумкин.

Аксига олиб, 8 июль куни Тошкент шаҳрининг бир қатор чорраҳаларида светофорларнинг ишламай қолиши ҳолатлари кузатилди. Хусусан, Нурафшон ва Себзор кўчалари кесишмаси — Себзор чорраҳасида 7 июль оқшомида ҳам светофорлар ишламаётган эди.

Светофор ишламаса, автомобиллар ҳаракати жадал бўлган чорраҳаларга тартибга солиш учун йўл назоратчилари юборилади. 8 июль куни Себзордаги муаммоли чорраҳага юборилган йўл назоратчиси ижтимоий тармоқларда кун қаҳрамонига айланди.

«Дарё» мобил мухбирларидан бирининг маълум қилишича, у 10:35 да шу чорраҳадан ўтган вақти худди шу назоратчи ҳаракатни тартибга солиб турган бўлган. Орадан салкам тўрт соат ўтиб — 14:15 да яна шу чорраҳага келганида, назоратчи ҳали ҳам хизмат жойида бўлган.

«Кўзимнинг олдида бир Spark унинг олдида тўхтаб, милиционерга энергетик ичимлик бериб кетди. Сувни олди-ю, оёғи остидаги пластик идишнинг ёнига қўйиб, ҳаракатни тартибга солишда давом этди. Офтобдан қизариб кетган эди. Осон эмас бундай жазирамада тўрт соат қуёшда туриш!», — дейди «Дарё» мобил мухбири.

Facebook’даги «Водители Ташкента» ва «Водители Ташкента (Drivers.uz)» гуруҳларида ушбу йўл назоратчиси ҳақида бундай илиқ фикрларни кўплаб учратиш мумкин.

«Қойил, ҳозир ўтдим Себзордан. Адашмасам, соат 11:00 дан бери турибди», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири. «Бу йўл назоратчисининг бир маош миқдорида рағбатлантириш тарафдорлари борми?», — деб таклиф берган яна бир фойдаланувчи. «Келинглар, жазирамада хизмат вазифасини ўтаб турган йўл назоратчилари учун муздек ичимлик олиб, ташлаб ўтайлик», — деб чорлаган бошқа бир фойдаланувчи.

Жуда кўплаб фойдаланувчилар исми номаълум йўл назоратчисига «Раҳмат!», «Барака топ!», «Қаҳрамон!», деб миннатдорчилик билдирган, уни олқишлаган. Офтоб зарбидан зарарланиши мумкинлигини айтиб, унинг аҳволидан хавотир олганларни ҳам талай топиш мумкин.

Ўз навбатида, бир гуруҳ фойдаланувчилар шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам йўл назоратчилари жазирамада ишлаётганини маълум қилган. «Ўз ишини қиляпти-да, нимасига раҳмат айтиш керак?», — деганлар ҳам бор. «Ободонлаштириш хизмати ходимлари ҳам шу иссиқда 600 минг маошга ишлаб юрибди. Бироқ ҳеч ким уларни интернетда олқишлаётгани йўқ», — деб куюнган яна бир фойдаланувчи.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.