Латвия автомобиллари тарихига назар
Чорак аср муқаддам иттифоқдошимиз бўлган Латвиянинг автомобилларини эслайсизми? Бугун Болтиқбўйида жойлашган ушбу кичик мамлакатнинг автомобилсозлик тарихи билан қизиқамиз. Мавзуни бежизга иттифоқдан бошламадик. Автомобилсозлик корхоналари иттифоқ таркибидаги давлатлар бўйлаб тарқатиб юборилган эди. Уларнинг орасида Латвия автосаноатининг ўз ўрни бор.
Болтиқбўйи биринчи
1947 йилда Ригага таниқли учувчи Всеволод Бахчиванджининг инженер укаси келди. Унинг чўнтагида ригаликларни ҳамкорликка чорловчи мактуб бор эди. Хатга ундай-мундай одам эмас, Сталиннинг ўзи имзо чеккан, Латвия ҳудудида камлитражли автомобиль ишлаб чиқариш вазифасини юклаганди.
Машина ишлаб чиқариш учун Рига танланиши бежиз эмас. Латвия эскитдан автомобилсозлик ўчоғи ва жуда қулай шарт-шароитларга эга мамлакат. Урушгача мустақил Латвияда Fordнинг енгил ва юк машиналари ишлаб чиқарилган. ССРИнинг ЗИС-5 автомобилларини импорт қилиб кабина ясашган. Қисқаси, автомобилсозликда кичик мамлакатнинг катта тажрибаси бор эди.
Ригада аввалига REF, кейинроқ REAF тажрибавий заводини ташкил этишди. Завод қурилиши ҳақида маълумот кам. 1950 йилга бориб, очиқ ҳамда ёпиқ кузовли ва 2 цилиндрли моторга эга икки прототип дунёга келди. Машиналарни дарҳол Москвага қараб ҳайдашди. Аммо уларнинг бири бузилди ва шу билан лойиҳа ёпилди. Катта мақсад билан бошланган лойиҳадан бир нечта фотосуратлар қолди холос.
Жаҳон урушидан кейин
Урушдан сўнг иттифоқчи мамлакатларнинг барчаси автобусларга қаттиқ эҳтиёж сезарди. Автобус ишлаб чиқариш учун Латвиянинг автотаъмирлаш заводларидан бирининг цехида иш бошланди. Биринчи РАРЗ-651 ишлаб чиқарилди ва кейин ўттиз йил мобайнида иттифоқнинг ўнлаб заводларида унинг нусхалари тайёрланди. Улар бир-биридан асосан кузовининг қисмлари билан фарқланарди.
Латиш инженерлари 1954 йилда капотсиз 22 ўринли оригинал кузов ясади. У ёғоч-металлдан иборат – пўлат тахталар ёғоч каркасга қопланганди. Бу машина ГАЗ-51нинг шассисида ўрнашган, 6 цилиндрли 70 от кучига эга мотори бор. РАФ серияси давом этди ва кейинроқ бир эшикли хизматчи автобус, ҳатто, фургон ва пикап вариантларда юк ва йўловчи ташувчи таксилар ишлаб чиқарилди.
1959 йилда завод микроавтобуслар ишлаб чиқараётган пайтда модернизациялаштирилган РАФ-251ни РАФ-976 номи билан чиқариш топширилди. 1966 йилда тўла металлдан ясалган, замонавийроқ 976М варианти тайёрланди.
Дарвоқе, биринчи автотаъмирлаш заводи ГАЗ-М20 “Победа” базасида енгил пикаплар, ундан сўнг ГАЗ-21 ва ГАЗ-24 “Волга”ларини ишлаб чиқарган.
Биринчи “микро-“
1957 йилда Москвадаги ёшлар ва талабаларнинг умумжаҳон фестивалига РАФнинг бош конструктори Л. Клаге бошчилигида биринчи совет микроавтобуси РАФ-10 тайёрланди. Унинг индекси ўринлари сонини билдиради. Агрегатлари ГАЗ-М20 ва ГАЗ-21Вларга мансуб. 1958 йилдан завод такомиллаштирилган РАФ-977ни ишлаб чиқара бошлади. У билан бирга РАФ-8нинг қисқартирилган версиясини ҳам тайёрлади ва “Спридитис” номини берди (латиш эртакларида бахтини қидириб йўлга чиққан бола).
Ўн икки ўринли РАФ-977 “Латвия” (Latvija) 1960 йилда такомиллаштирилди, аниқроғи кузовига ишлов берилди. “Рафик”ларнинг тўғридан тўғри ўхшаши йўқ, ССРИда ўз синфида ягона эди. Унинг базасида кўплаб йўналишли таксилар, санитар автомобиллари, шунингдек, аэропорт ва истироҳат боғлари учун автопоездлар ясалган. Ҳаттоки, томи суриладиган туристик автобусгача тайёрланган. Юк ташувчи 977К фургони лойиҳаланган, бироқ давом эттирмасдан ишлаб чиқариш Еревандаги янги заводга кўчирилган.
1966 йилдан модернизациялашган РАФ-977ДМ яна ишлаб чиқарила бошлади. Корхона бу вақтда заифлашган, маҳсулотлари замондан ортда қола бошлаганди. Янги завод қуриш заруриятига Москвани ишонтириш мақсадида автокорхона янги истиқболли машина ясай бошлади. Тайёр бўлган РАФ-982ларнинг бирига негадир Cyclon ёзуви туширилганди. Бу заводдаёқ уни “Суслик” (юмронқозиқ) деб аталишига сабаб бўлди.
РАФ-982нинг иккинчи варианти 1968 йилда дунёга келди. Биринчи прототипга “Москвич-412”нинг 75 от кучига эга двигатели қўйилди. 1969 йилда концепт РАФ-2203 индексини олди. Кейин эса Елгавада янги завод қурилиши бошланди. 1976 йилда завод ишга тушди ва РАФ ишлаб чиқариш беш маротаба ортди.
2,5 литрли мотори 95 от кучига эга РАФ-2203 базасида худди илгаригидек йўналишли такси ва санитар автомобиллари ишлаб чиқарилди. 1980 йилдаги олимпиадага ўнлаб махсус машиналар, хусусан, велопойга ҳакамлари учун машина ва электромобиллар тайёрланди. Электрли машиналарнинг кўпчилигида 22 кВтли мотор ўрнатилган. Ригалик автомобилсозлар Финляндия фирмаси ҳам ҳамкорлик қилган.
Оқланмаган ишонч
РАФнинг асосий камчилиги “Волга” агрегатлари эди. Двигатели бир нави, аммо на осмаси ва на тормози 12 ўриндиқли РАФга тўғри келган. РАФчилар буни яхши тушунган. Шунинг учун янги кузов ва салондан ташқари ҳаракатланиш қисми ва тормози ҳам янгиланиши керак РАФ-22038 лойиҳасига киришилган. Шундай қилиб НАМИ институти ва “Нива” ёрдами билан РАФ янги моторли ва тормозли бўлди.
1990-йилларда РАФ собиқ иттифоқнинг бошқа заводлари сингари турли кўчаларга бош урди. Кабинаси 2 ва 4 ўринли бортли юк машиналари, автодўкон, пул ташувчи зирҳли машиналар тайёрлади.
Бироқ иқтисодий танглик ўз кучини кўрсатди. Бежирим “Стилс” автобусчаси РАФнинг энг охирги автомобили бўлди.
Аммо собиқ иттифоқ ҳудудида РАФ автомобилларини билмаган, унга чиқмаган киши деярли йўқ. Яқин-яқингача шаҳарларимизда кўк “маршрутка”лар кезиб юришарди. Қатновдан чиқариб ташлангач, “рафик”лар мол бозори, деҳқон бозорини гуллатди. Собиқ иттифоқнинг турли чеккаларида эса Рига микроавтобусларини таъмирлаб фойдаланаётганлар, коллекцияга қўяётганлар кўплаб топилади.
auto.mail.ru асосида тайёрланди