Машина ойнасини қорайтириш ҳақидаги қарор кескин танқидлар билан кутиб олинди

Машина ойнасини қорайтириш ҳақидаги қарор кескин танқидлар билан кутиб олинди

“Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқидлар ёмғири остида қарши олинди.

Телеграмдаги давлетов.уз канали бу ҳақда ўз муносабатини қуйидагича ифодалади:

“Ҳар қандай давлат ўз конституциясини ёзаётганда, умумхалқ муҳокамасига қўйганда, албатта, миллий давлатчиликнинг асосий фалсафаси ушбу ҳужжатда акс этади. Масалан, бизнинг конституциямизнинг энг катта ғояси — барча фуқаролар тенглиги кафолатланади, ижтимоий адолатга риоя этилади.

Фуқаролар мамлакатдаги имкониятлардан, қулайликлардан иқтисодий имкониятига қараб фойдаланишни бошласа ёки давлат мавжуд имкониятни пуллашни бошласа бу давлатчиликнинг фалсафаси ўзгараётганини кўрсатади. Давлат у ёки бу имкониятни сотиш учун унга қанақадир ресурс сарфлаган бўлиши керак. Одамлар мошинасига тонировка қўйиши учун давлат қандай ресурс сарфлайди, менга жуда қоронғу.

Хуллас, қиммат тонировка жамиятда бой ва камбағални аниқ кўриш, кўрсатиш ва ажратиш йўлидаги илк қадам. Тонировка ё бўлиши ёки бўлмаслиги керак. Ҳеч қачон давлат томонидан бунақа ақлга сиғмайдиган нархда эмас. Бу цинизмнинг энг олий кўриниши. https://t.me/huquqiyaxborot/2677 Бу ўта шахсий фикрлар.”

“Давлат идоралари ёки давлат улуши бор ташкилотлар “тонировка” қилмасин. Ҳурмат ила, солиқ тўловчи”, деб ёзди Сардор Салим.

“Америкада озодликдан маҳрум қилинган жиноятчилар катта пул эвазига қамалмасдан бемалол кўчада юришлари мумкин. Шарти, оёқларига “Тўпиқ монитори” тақиб қўйилади ва маълум штатдан чиқиб кетмасликлари керак бўлади. Агар кўрсатилган ҳудуддан чиқиб кетмоқчи бўлишса, “Тўпиқ монитори” бу ҳақда полисга хабар беради. Тонировкадан кўра яхшироқ “соққа” қилса бўлади дейманда”, деб ёзди Америкада истиқомат қилувчи блогерлардан бири.

“1 августдан бошлаб жазирамада куйиб кетмаслик учун йилига 16 587 000 сўм тўлаб қўйишингизга тўғри келади. Савол туғилади: тонировка кимнинг бизнеси?” деб савол қўйди Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли.

Саид Комил Холхўжаев “Қорайтирилган ойнада автомобиль бошқариш хавфли бўлмай қолдими ёки пулини тўласа хавфли автомобилни бошқарса ҳам бўладиган бўлдими?” деган саволни ўртага ташлади.

“Нима қиласизлар халқнинг фикри 2 пул бўлса муҳокамага қўйиб? Уч тўртталаринг муздаккина, кондиционер бор хонада ўтириб, тонировка қилинган ойна ортидан қарорни чиқариб қўявермайсизларми, а?! Муҳокама жараёнида деярли 1 ой, биронта ижобий фикрни кўрмадим, ҳеч ким ёқламади бунчалик қиммат тўловни. Шундай экан бундай кўзбўямачилик сиёсати, бундай кўзбўямачи демократия нимага керак, кимга керак?! Яна қачонгача табиий ҳолда одамларга керакли шароитлар учун давлат бюджетини тўлдиришда фойдаланасизлар, ҳурматли ҳукумат аъзолари?! Нега ҳурматли депутатларимиздан фақат 2-3 тасигина, улар ҳам юзаки муносабат билангина чекланиб қолишмоқда?!” деб ёзди Олимжон Ҳайдаров.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"