Машинамизнинг қуйма дискларини ўзимиз бўяймиз

Машинамизнинг қуйма дискларини ўзимиз бўяймиз

Автомобилнинг ичи ҳам таши ҳам ораста бўлмоғи лозим. Бу кузовга ҳам, салонга ҳам, панадаги двигателга ҳам, борингки, ғилдирак дискларига ҳам тегишли. Қуйма дисклар парвариш талаб қилади. Диск бўялса, жилоланибгина қолмай, коррозиядан ҳам ҳимояланади.

Қуйма дисклар турли сабабларга кўра бўялади.

Биринчидан, қишда туз таъсирига бўёқ ҳам, лок ҳам дош бермайди. Туз аралашмаси лок-бўёқ қатлами остига кириб, диск асосини емиради.

Иккинчидан, турли сабабларга кўра диск тирналади, шилинади. Уларни йўқотиш керак.

Ва ниҳоят, минилган автомобиль сотиб олсангиз, қуйма дискининг ҳолати аксар ҳолларда яхши бўлмайди. Кўрганларнинг афтини бужмайтирмаслик учун реставрация қилган маъқул.

Қуйма дискларни ўзи қўлингиз билан бўяб, уста ҳақини тежайсиз, тажрибангиз ҳам ошади.

Диск бўяш учун зарур ашёлар

Дискни сифатли бўяш учун технологик жараёнга қатъий амал қилиш лозим. Қуйидаги материаллар сизда бўлиши керак:

  • қуйма дисклар учун махсус бўёқ;
  • грунтовка (хомаки остбўёқ);
  • лок;
  • турлича донадор жилвирқоғоз;
  • эритувчи суюқлик (растворитель);
  • шпатлевка;
  • қийқинди латта;
  • қўлқоп;
  • респиратор

Битта фирмада ишлаб чиқарилган лок-бўёқ материалларини харид қилишни тавсия этамиз.

Қуйма дискларни бўяш учун иш қуроллари ва жиҳозлар

Ҳар бир ҳайдовчи ўз “тулпори”ни ўзи истагандек безайди. Кимгадир аэрозолли баллонча билан бўяш кифоя қилса, бошқаси заводдагидек қилиб ишлов беришни истайди. Иш қуроллари шу омилга кўра танланади.

Дискни бекаму кўст бўяшни истовчилар компрессор ва краскопулт билан ишлаши керак.

Электрли пармага симчўтка қўйиб, занглаган жойлари ва эски бўёқ қатламини кўчириб ташланг. Қум пурковчи аппарат ёрдамида диск сиртидаги барча нуқсонларни кетказиш мумкин.

Қуритиш учун маиший ёки қурилишда ишлатиладиган фендан, ё бўлмаса, “иссиқлик замбараги”дан фойдалансангиз бўлади.

Симдан осма тайёрланг. Диск унда бўялади ва қуритилади.

Қуйма дискларни бўяшга тайёргарлик

Қуйма дискларни бўяш худди автомобилни бўяш сингари бир неча босқичдан иборат. Шу боис тайёргарлик ва якунлаш ишлари ораси бир неча кунга чўзилиши мумкин.

Аввало, диск шинадан ечиб олинади.

Диск лой, тормоз колодкасининг чанги ва битум қолдиқларидан тозаланади. Бунда автомобиль шампуни ёки бошқа маиший тозалаш воситаси асқотади.

Тозалаб бўлгач, синчиклаб текшириб чиқилади. Бўртиб қолган, тирналган жойлари чизиб белгиланади.

Қумпуркар аппарат ёки чўткали парма ёрдамида эски бўёғи ва занг излари кетказилади.

Механик амалиётдан сўнг кимёвий ишлов бериш навбати келади. Бунинг учун эритувчи суюқликка намланган латта билан диск сирти артилади.

Чуқур тирналган жойларни шпатлёвка билан тўлдирилади. Юза қуригач, жилвирқоғоз билан силлиқланади. Баъзида юзани силлиқлаш учун бир неча қатлам шпатлёвка суртишга тўғри келади.

Барча нуқсонлари кетказилгандан сўнг диск ёғсизлантирилиб, симга илиб қўйилади.

Дискни бўяш жараёни

Уй шароитида диск уч босқичли амалиёт билан бўялади.

Даставвал 2-3 қатлам хомаки бўёқ сурилади. Ҳар бир бўёқ қатлами тўла қуришга улгуриши лозим. Тезроқ қуритиш учун фендан фойдаланишингиз мумкин.

Худди хомаки бўёқ суртган каби бўяш бошланади. Бўёқ 40-50 см масофадан пуркалади. 2-3 қатлам сепилади. Бўяшда дискнинг тирқишлари ва четига алоҳида диққат қаратиш керак. Ҳар бир қатлам қуригандан сўнг устидан бўёқ сепилади.

Энг охирида дискни локлаймиз. Локлаш бўяшдан фарқ қилмайди. Дискимиз жилоланиб бошқаларнинг кўзини ўйнатиши учун икки қават лок етарли.

2-3 кунда диск юзаси қотади. Энди уни машинага қўйиш мумкин.

Бўяш сифатига таъсир кўрсатувчи омиллар

Айрим тажрибасиз ҳайдовчилар тайёргарлик босқичига етарли эътибор бермайди. Натижада бўялган юза кўчишга мойиллашади ёки унда пуфакчалар пайдо бўлади. Бунақада ҳаммасини бошқатдан бажаришга тўғри келади.

Пуфакчалар пастки бўёқ қатлами етарли қуримаганлиги оқибатида шаклланади. Пуфакча юзага келмаслиги учун қуритишга бефарқ бўлмаслик лозим.

Бордию, очиқ ҳавода бўясангиз, об-ҳавони ҳисобга олиш керак. Ҳаво қуруқ ва шабада эсиб турса, қуритиш учун айни муддао, аммо бўёқ сепиб бўлмайди. Ҳаводаги майда чанг бўёқ сифатига таъсир қилади.

Иш жойида чанг-тупроқ, турли майда зарралар бўлмасин. Компрессорнинг кучли ҳаво оқими майда зарраларни тўзғитади ва диск сифатли бўялмайди.

Илиқ мавсумда хира пашша-чивинлар ҳам ишга халақит беради. Бўялган сиртга тушиб қолса, олиб ташлашга уринманг, сиртини сайқаллаётганда изини йўқотиб ташласангиз бўлади.

Бўяшда шошиб, бир қават сепибоқ ишни тугаллашга уринманг. Акс ҳолда бўёқ юзада оқиб қолади ва сифатига путур етади. Оққан бўёқ изини батамом қуригандан сўнг кетказиш мумкин.

Ҳар бир ҳайдовчи севимли автомобилининг дискини бўяй олади. Машинанинг “оёқ кийими” кўркам бўлишига нима етсин? Бунинг учун озгина ҳафсала ва қунт бўлса, бас. Тажриба орттириладиган нарса. Эринманг ва автомобилингизнинг кўркига кўрк қўшинг.

myauto26.ru асосида тайёрланди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"