Машинамнинг шинаси тешилмасин десангиз

Машинамнинг шинаси тешилмасин десангиз

Ҳамма жойда баллон тешилиб қолиш хавфи мавжуд. Аммо сиз бир қатор чораларни кўриб бунинг хавфини озайтиришингиз мумкин. Кўпинча шинамизнинг бағрини йўлдаги мих, винт, тикан ва чақиқтошлар тешади. Уларга чап беришни истасангиз, маслаҳатларимизни охиригача ўқинг.

Шинанинг тешилишига босими пастлиги сабаб бўлади. Йўл четидаги тўсиққа урилиб баллоннинг гардиши ёрилиши мумкин. Нотекис йўлда эса таранг бўлмаган шина ўз-ўзидан кўпроқ сиртга тегади ва табиийки, ўткир жисмлар уни тешиш хавфи ортади.

Тўғри, шинани тешилишдан бутунлай асрашнинг иложи йўқ. Бироқ бу хавфдан имкон қадар қочса бўлади. Сиз шиналардаги босимни кузатиб юрасизми? Унинг босими автокорхона тавсия этган кўрсаткичдан 0,2 бар баландроқ бўлсин.

Кўчалар совуши билан шина босимига диққатни янада ошириш зарур. Ҳарорат ҳар 10°С пасайганда шинадаги босим 10 кПага камайиб бораверади. Автомобилнинг юки оғир бўлганда ҳам шина босими юқори бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Шина таъмирталаб бўлмасданоқ микротешикларнинг белгилари сезилиб қолиши мумкин. Автомобиль барқарор ҳаракатланмайди, ёмон бошқарилади, бир томонга тортиб кетади. Бу шина босими пасаяётганлигининг аломатидир. Шундай бўлса, хавфсиз жойда тўхтаб, дарҳол баллонни текшириб олиш лозим. Кўпинча, ҳайдовчилар бунга эътибор қилмайди ва аҳволни оғирлаштиради.

Биз автомобилимизда эҳтиёт баллон олиб юришга одатланганмиз. Айрим замонавий автомобилларда эса ямаш жиҳозлари ва компрессор бўлади. Махсус кўпик билан тешикни беркитиб, шинани дамлаб яқин-атрофдаги вулканизацияга етиб олиш мумкин. Умуман олганда, узоқ йўлга тушишдан олдин эҳтиёт баллон ва уни ўрнатиш учун домкрат ва ключ ёки юқорида айтилгандек шина ямаш жиҳозлари ва компрессор борлигига ишонч ҳосил қилиш ҳамда ундан фойдаланиш усули билан танишиб чиқиш зарур.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"