Машинангиз қишга тайёрми? Ғилдираклар ҳақидаги айрим саволларга жавоблар

Машинангиз қишга тайёрми? Ғилдираклар ҳақидаги айрим саволларга жавоблар

Ақлли ҳайдовчилар қиш мавсумида автомобилларига махсус шиналар ўрнатиш лозимлигини яхши билишади. Чунки мавсумга қараб танланган ғилдираклар йўлларда автомобиль нархи ёки ҳайдовчи маҳоратидан қатъи назар, асосий хавфсизлик воситаси саналади. Шу мақсадда автомобилни қишки мавсумга тайёрлаш борасида бир неча асосий саволларга жавоб топишни мақсад қилдик.

Қишки ғилдиракларни қайси томонга ўрнатган маъқул: олдингами ёки орқага?

Айрим ҳайдовчилар бир жуфт қишки ғилдиракнинг ўз кифоя қилади, деган фикрга боришади. Дейлик, олдинга иккита қишки шина қўйиб, орқадаги ёзгиларини алмаштирмай қўяверишади. Натижада олдинда мустаҳкам ушлайдиган, орқада тойинаверадиган ғилдираклар жой олади. Бурилишларда бундай хилма-хиллик қуйидагича иш беради: олдиндагилар асфальт устида қолади, енгилгина орқа қисм тезлик озгина ортиши билан ёки кескин бурилишда рул чамбараги билан алоқани йўқотади.

Агарда қишки ғилдираклар жуфти орқага қўйилса, бошқарув бутунлай назоратдан чиқиши мумкин. Олд ғилдираклари тортадиган машина эса ҳеч қаерга силжий олмайди, орқа ғилдираклар илдам бўлган тақдирда, бурилишлар кўнгилдагидек кечмаслиги мумкин. Демак, фақат тўртта қишки ғилдиракда ҳаракатланган маъқул, дея хулоса чиқарамиз.

Тишлари қанча кўп бўлса шунча яхшими?

Бирмунча вақт муқаддам Скандинавияда қишки ғилдираклар учун тишлар сонини чеклаш қонун билан белгиланди. Шу сабаб ишлаб чиқарувчилар уч гуруҳга бўлинишган: улардан бири тишлар сонини 96тага қадар “яганалаб” чиққан бўлса, бошқалари (аниқ айтганда — Nokian ва Continental) эса қонунни айланиб ўта олишди ва протекторга 190та енгил кичик метал тишчаларни қадаб чиқишди. Шунингдек, тишлар сонини аввалгидек 130тадан қолдирганлар ҳам бўлди.

Шундай қилиб, айни пайтда тишларининг сони 190, 96, 130 та бўлган уч хил қишки шиналар мавжуд. Қиш мавсумида уларнинг қандай фарқи, аҳамияти бўлиши мумкин? Айтиш керакки, агарда тишлар сони 96та бўлса, бундай ғилдираклар музли йўллар билан унчалик яхши “тиллаша” олмайди. Бироқ улар асфальт йўлда рақобатчиларидан ўзиб кетиши аниқ. Тишлари кўп ғилдираклар, аксинча, асфальт йўлларда бошқарувга халал беради, музли сирпанчиқларда эса ишончли ҳаракатланишга имкон туғдиради. Тишлар сони тормоз бериш вақтида айниқса катта аҳамият касб этади. Бу барча турдаги автомобилларга тааллуқли.

Тишли ва тишсиз шиналар тормоз йўли узунлигини белгилаб беради: музда 20-50 фоизгача, қорда эса 5-10 фоизга қисқартиради. Асфальтда эса аксинча, тормоз йўлини узайтириш мумкин, бироқ унча кўпга эмас (5 фоиз). Шунингдек, ўт олиб, илдамлашда тишли шиналар музда 30, қорда 10 фоизгача самара беради.

Барча мавсумга мўлжалланган шиналар ишончлими?

Баъзилар қишки ва ёзги мавсумларда ғилдиракларни алмаштириб юрмаслик мақсадида барча мавсумлар учун ишлаб чиқилган шиналардан фойдаланишни маъқул кўради. Улар одатда AW ва AS(Any Weather – «Ҳар қандай об-ҳавода» ва All Seasons – «Барча мавсумда») сифатида белгиланади. Бироқ бу белгилар юмшоқ ва кам қорли Европа учун ишлаб чиқилганини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Юртимизнинг қиш-қировли кунларида Winter (W) («Қиш»), M+S (Mud+Snow – «Лой+Қор») кўринишида маркаланган ғилдираклардан фойдаланган маъқулроқ. Одатда бундай ғилдираклар ёнига қор парчалари тасвири туширилган бўлади.

Тишли шиналарни танлашда эса ҳаракат йўналишини аниқ белгилаб олиш лозим. Агарда сиз кўчалари мунтазам равишда тозаланиб турадиган шаҳарда ҳаракатлансангиз, топ-тоза асфальт йўлда метал тишчалари бўлган ғилдираклар йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлиши мумкин. Қор ва музли йўлларда эса бу тишчалар бошқарув самарадорлигини оширади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#шина