Машинани бошқариш сирлари

Машинани бошқариш сирлари

Машина бошқаришга қарор қилдингизми? Тўғри ўйлабсиз. Замонавий кишини автомобилсиз тасаввур қилиш қийин. Ўрта асрлардаги эркакнинг отда юра олмаслигини тасаввур қилиб кўринг-а! Чунки, от бўлмаса, у қанотсиз қушга ўхшаб қоларди. Замонавий аёл-чи? Унга, айниқса, машина хўжалик ишларида, дўкон, бозорларга боришда яқин ёрдамчи бўлиб, болаларни мактаб, боғчаларга олиб бориш энди муаммо бўлмай қолди. Машинасиз эса, бундай оддий вазифаларни бажариш қийинчилик туғдирар эди.

Мана ҳайдовчиликка ўқиш ҳам тугади, гувоҳнома ҳам олинди, энди ўз автомобилини тўла ҳуқуқли ҳайдовчи сифатида бошқариш мумкин. Лекин бир ўзингиз шаҳарнинг серқатнов кўчаларига чиқишга шошилманг. Яна камқатновроқ кўчаларда қўшимча дарс олсангиз, у сизга автомобилни ҳис қилишга, ўз ҳайдовчилик кўникмаларингизни баҳолашга имкон беради. Автомобилда юриш шаҳар марказидаги дўконга бориш пайтида азоб-уқубат эмас, балки қувонч, роҳат бағишлаши керак.

Ёш ҳайдовчи ҳар томонлама қийинчиликларга учрайди: у машинани жойидан жилдириб олишга қийналади, юргизаётганида унинг габаритини ҳис қила олмайди, тез юришга қўрқади, ниҳоят рулни бошқаришни бошлаганда қалтироқ босиши мумкин.

Untitled-13-615x461

Биз бу борада ҳайдовчи-инспектор Тўхтамурод Эгамбердиев билан суҳбатлашдик. У автомобил бошқаришнинг олтин қоидалари билан ўртоқлашди:

“Автомобил бошқарганда энг муҳим нарса нима, деб сўрашади. Малакали мутахассис сифатида ҳайдовчи кўплаб кўникмаларга эга бўлишини, булардан уч олтин қоида асосийси эканлигини таъкидламоқчиман:

Диққатни жамлай олиш?
Автомобилни ҳис қилиш?
Тезликни ҳис қилиш.

Автомобилни ҳис қилиш – бу автомобил бошқариш амалиёти пайтида ҳосил қилинган сезги мажмуи, у автомобилнинг ҳайдовчи ҳаракатига сезгирлик билан бўйсунишини ҳис қилишга ёрдам беради. Ёш ҳайдовчи ярим йиллар атрофида автомобил бошқариб ўзини тажрибали деб ҳисоблайди. У ўз дўстларини машинасига ўтқизиб, маҳоратини кўрсатиб қўйиш мақсадида таниш йўлдан ҳайдаб кетади.

Юриб кетаётган автомобил оғирлигига қараб, унинг бошқарилувчанлиги ҳам ўзгаради. Ёш ҳайдовчи буни сезмайди, негаки унда ҳали автомобилни ҳис қилиш қобилияти тўла ривожланган эмас.

Untitled-15-615x461

Тезликни ҳис қилиш. Бошловчи ҳайдовчилар газни ортиқча босишни хоҳламасдан секинроқ юришга ҳаракат қилади. Улар билан гаплашиб, тез юришдан қўрқиши сабабини аниқладим. Ҳайдовчиликка ўқиётган пайтда улар ҳеч қачон тез юрмаган ва бу нима эканлигини тушунмайди. Улар секин юрган, лекин энди тезликни ҳис қилиш вақти келди. Буни ўзига ишонган ҳолда рулга ўтириш учун ўрганиш зарур. Энг яхшиси, якшанба куни эрталаб кенг йўлга чиқиб тезликни синаб кўрган маъқул. Ёш ҳайдовчи ёнига маслаҳатчи сифатида тажрибали ҳайдовчини ўтқизиб қўйиш керак, шунда кўнгил хотиржам бўлади. ”

Манёвр қилиш ҳақида

“Орқага юришда, шунингдек торроқ жойда ҳаракатланганда манёвр қилиш муаммоси пайдо бўлади, негаки, бунда ғилдираклар кескин бурилган бўлиб автомобил кузовини тўғирлашга халал беради. Автомобил билан тўсиққа тегиб, уни букиб қўймаслик учун ёнга бўладиган ҳаракатни ҳис қилиш, автомобил корпусини енгил буриб олиш зарур.”

Untitled-16-615x461

Тўхтамурод Эгамбердиевнинг ёш ҳайдовчиларга маслаҳатлари

1. Рулнинг ёнига тўғри ўтириш ҳайдовчи учун қулайлик яратибгина қолмасдан, балки автомобилни тўғри бошқаришга ёрдам беради.

2. Камарни тақиб олинг! Ақлли ва ишончли ҳайдовчи доим камар тақиб юради. Хавфсизлик камари жароҳатдан асраш билан бирга, автомобил бурилаётганда ҳайдовчи қоматини тутиб туради.

3. Рулни аста ва енгил буринг. Кескин ҳаракатлар билан ғилдиракнинг йўл билан муомаласини йўқотиб қўйманг. Автомобил бўйсунган бўлса, уни оҳиста ва енгил бошқаринг, агар у бўйсунишни хоҳламаса, кескин ва тез ҳаракат қилиш керак.

4. Қандай қилиб тўғри тормоз беришни ўрганиш мумкин? Дастлаб узиб-узиб тормоз беришдан бошлаш керак. Ўнг оёқ онгга боғлиқ бўлмаган ҳолда, “мушак хотираси” даражасида “тормоз қилиш – қўйиб юбориш – тормоз қилиш” буйруғини бажаришга ўрганиб боради.

5. Масофани сақлаш айниқса муҳим ҳисобланади. Бирорта машина орқасига яқин бориб қолиб, сиз ўзингизни кўриш, қувиб ўтиш ёки дарҳол тўхтатиш имкониятидан маҳрум этасиз.

6. Светофорга яқинлашганда қуйидагича тўхташни маслаҳат бераман: олдинда тўхтаб турган автомобилга 20—30 метр қолганида секинлашинг ва уни ўз инерцияси билан аста юриб тўхташига имкон беринг.

7. Бир йўлдан иккинчи йўлга ўтишда албатта бурилишни билдирувчи чироқни ёқинг. Афсуски, бу қоидага риоя қилувчи ҳайдовчилар ниҳоятда камайиб кетаяпти.

8. Серқатнов шаҳар кўчаларида тез юриш асаббузарлик, ортиқча ёнилғи сарфи, балонларнинг сийқаланиши ва хавфли ҳолатларнинг вужудга келиши кабилардан бошқа нарсани олиб келмайди.

9. Ҳайдовчининг ойнага қараши бир лаҳзани ташкил этиши керак. Бир марта узоқ қарагандан икки марта лаҳзалик қараган маъқул. Айниқса, бу вазият бир лаҳзада ўзгариши мумкин бўлган автомобиллар оқими пайтида ниҳоятда тўғри ва муҳим иш ҳисобланади.

Суҳбатимизни тугатар эканмиз, инструкторга унинг қимматли маслаҳатлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва ёш ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилади ва бу ўз навбатида уларга автомобил бошқаришда қувонч келтиради, деб ўйлаймиз.

Манба: Daryo.uz

 

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.