Mazda Россияда мотор ишлаб чиқаради

Mazda Россияда мотор ишлаб чиқаради

Япониянинг Mazda компанияси Россия саноат ва савдо вазирлиги билан йилига 50 минг дона двигатель ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди. “Мазда Соллерс Мануфэкчуринг Рус” компанияси Россия ҳудудида амалга ошириладиган ушбу лойиҳага 2 млрд рубль миқдорида сармоя киритади.

Шунингдек, келишувга кўра, компания янгиланган Mazda6 ва Mazda CX-5 автомобилларининг янги моделлари, шунингдек, Mazda SkyActiv-G двигателларини Россия Федерациясида тайёрлаш мажбуриятини олган. Лойиҳа доирасида 609 та янги иш ўринлари ташкиллаштирилади. Россия саноат ва савдо вазирлиги эса ишлаб чиқариш ва бизнес юритиш учун япон компаниясига зарур шарт-шароитларни таъминлаб беради.

Mazda автомобиллари Владивостокдаги заводда 2012 йилдан бери тайёрланмоқда. Завод конвейеридан чиққан илк модель Mazda CX-5 бўлган, кейинчалик заводда яна Mazda6 флагман автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Айни пайтда мазкур заводда Mazda CX-5 кроссовери Drive, Active, Active+ ва Supreme комплектацияларида 9 та рангда тайёрланади. Кроссоверларга 2,0 ва 2,5 литрли бензин ёки 2,2 литрли дизель моторлар ўрнатилган. Mazda6 седан кузовида ва Drive, Active, Supreme ва Supreme Plus комплектацияларида ишлаб чиқарилади. Седан 2,0 ва 2,5 литр ҳажмдаги бензинли двигателлар билан таъминланган. 2015 йил натижаларига асосан ушбу заводда 24 185 та Mazda автомобиллари тайёрланган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавлон Марасулов

Мутахассислиги бўйича таржимон. Олти йилдан буён электрон технологиялар соҳасида ишлайди. Турли чет мамлакатларида ўтказилган конференциялар иштирокчиси.