Mitsubishi ёнилғи сарфи ҳақидаги маълумотларни сохталаштирганини тан олди

Mitsubishi ёнилғи сарфи ҳақидаги маълумотларни сохталаштирганини тан олди

Mitsubishi Motors компанияси раҳбарияти ички бозорда сотиладиган Mitsubishi ва Nissan русумидаги камлитражли машиналарда ёнилғи сарфи даражаси ҳақидаги маълумотлар атайин сохталаштирилганини тан олди. Бу ҳақда япон авто ишлаб чиқарувчиси матбуот хизмати хабар қилди.

Ёнилғи сарфининг даражаси тўғрисидаги айрим маълумотлар Япония Ер, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазирлиги (MLIT)га тақдим этилди. Носозлик 157 минг дона Mitsubishi eK Wagon ва eK Space ихчам машиналари, шунингдек, 468 минг дона Nissan Dayz ва Dayz Roox кей-кар (Mitsubishi қувватларида ишлаб чиқарилади)ларига тааллуқли бўлди. Мазкур автомобиллар 2013 йил мартидан 2016 йил мартига қадар муддатда ишлаб чиқарилган. Айни пайтда эса бу каби автомобиллар савдоси тўхтатилган.

Mitsubishi ходимлари ўлчаш тестлари жараёнида ҳаракат қаршилигини камайтириш мақсадида синовдан ўтаётган машиналар шиналари босимини атайин ўзгартиришган, бу эса якунда ёнилғининг якуний сарфи кўрсаткичларига таъсир кўрсатган.

“Ёнилғи сарфи ҳақидаги маълумотларни сохталаштиришга олиб келувчи онгли равишда амалга оширилган ноқонуний ҳаракат эди. Мен бу иш нима учун амалга оширилганини мутлақо тушунмайман, аммо ўз жавобгарлигимни тан оламан”, – деди Mitsubishi Motors бош директори Тетсуро Аикава.

Компания сотилган машиналар эгаси кўрган зарарни қоплаш ва ҳодиса сабабларини ички терговдан ойдинлаштириш эҳтимолларини муҳокама қилмоқда.

ВВС маълумотларига кўра, Mitsubishi Токио фонд биржасида 15 фоизга – 864 дан 733 иенгача пастлади. Бу сўнгги 12 йил ичида илк бор япон русуми қимматбаҳо қоғозлари нархининг бир кун ичида энг кўп қийматда қулаши саналади.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Жанубий Кореянинг Hyundai ва Kia компаниялари ёнилғи сарфи ҳақидаги маълумотларнинг сохталаштирилгани юзасидан тақдим этилган жамоавий даъво доирасида 395 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаган эди. Америка ҳукумати Kia ва Hyundai`нинг бир қатор моделлари 100 километр учун завод ҳужжатларида кўрсатилгандан 0,7-1,5 литр кўпроқ ёнилғи сарфлашини исботлаб бера олган эди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!