Мустақиллик куни арафасида Тошкентга транспорт кириб келиши чекланади

Мустақиллик куни арафасида Тошкентга транспорт кириб келиши чекланади

Мустақиллик байрамини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан Тошкентга 1 сентябрь куни олдидан автотранспортларнинг кириб келиши чекланади, деб маълум қилди журналистларга республика ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Турсунпўлат Тошпўлатов, деб Sputniknews-uz.com ёзмоқда.

Ўзбекистонда бу йил Мустақиллик кунининг 25 йиллиги нишонланади. Республиканинг шаҳар ва қишлоқларида байрам куни оммавий сайиллар, байрам концертлари ўтказилади.

«Байрам муносабати билан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда. Байрам арафасида ва байрам кунлари Тошкентда пойтахтга транспорт воситаларининг кириб келишига нисбатан чеклов ўрнатилиши ҳам мумкин», — деди Тошпўлатов. У чеклов тафсилотлари ва муддатига аниқлик киритмади.

Илгарироқ маҳаллий ОАВлар 22 августдан бошлаб Ўзбекистон вилоятларидан қатновчи йўловчи автобус ва микроавтобусларнинг Тошкентга келиши тақиқлангани ҳақида хабар беришганди.

Июль ойи охирида Ўзбекистон ИИВ Мустақиллик куни байрамини ўтказишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида кенг миқёсдаги “Антитеррор-тозалов” тадбирини ўтказишга киришганди. Хусусан, бутун республика бўйлаб жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда. Тадбир давомида асосий эътибор доимий рўйхатда турмайдиган ёки вақтинчалик рўйхатда турадиган фуқароларга, хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиш қоидаларига амал қилишларига қаратилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.